Get Mystery Box with random crypto!

Нега 'қуёш', 'кун' демай, 'офтоб' деймиз? Ўтган асрнинг 84-й | Til nomusi

Нега "қуёш", "кун" демай, "офтоб" деймиз?

Ўтган асрнинг 84-йилимиди, тожик ёзувчиси Саттор Турсун Тошкентга келди.
Саттор Турсун ўзимизнинг Бойсундан, лекин Душанбеда яшар, тожик тилида ижод қилар эди.
Тан олиш керак, ўша пайтларда нафақат Тожикистондаги, балки Ўзбекистондаги тенгқурлари орасида ҳам Иттифоқ миқёсида танилганроқ ёзувчи эди. Асарлари "Дружба народов", "Новый мир" журналларида босилар, "Литературная газета" каби обрўли газетлар унинг номини ва ижодини тез-тез эслаб турар эди.
Устозим Эркин Аъзам болаликда бирга ўсган дўсти шарафига уйида меҳмондорчилик қилди. Шоир, драматург акамиз Машраб Бобоев, ёзувчилар Нортўхта Қилич, Хайриддин Султон ва яна бир-икки ўзбек адабиётчилари ҳам айтилган эди. Жуда чиройли адабий суҳбат бўлди.
Суҳбат орасида Саттор ака қизиқ бир гап айтиб қолди (ўзбекча биларди, албатта):
‒ Мен ўзбек ёзувчи-шоирларининг ишига ҳайрон бўлавераман: нимага бир чиройли ўзбекча сўзлар, атамалар турганида тожикча сўз ва атамаларни ишлатасизлар? "Қуёш", "Кун" демайсизлар-да, "офтоб" дейсизлар. "Юрак", "кўнгил" каби ғоят гўзал ўзбекча сўзлар ўрнига "дил"ни ишлатасизлар. "Чечак"ни "гул" дейсизлар.
Яна бир-иккита мисол келтирди. Баҳс бўлди, албатта.
Ўша кунги суҳбатнинг бошқа тафсилоти ҳам, ҳатто меҳмондорчиликда яна кимлар қатнашгани ҳам эсимда йўқ, аммо нимагадир Саттор Турсуннинг шу бир гапи хотирамга қаттиқ ўрнашиб қолган.
Ора-орада хаёлимга қалқиб чиқаверади.
“Нимага?” дейман. Жавоб кўп, лекин савол барибир хаёлдан кетақолмайди.
Мана, орадан яқин қирқ йил ўтиб, ҳозир ҳам икки-уч кундан бери Эркин Аъзамнинг Қорасувдаги уч хоналик уйида тожик ёзувчиси Саттор Турсун ўртага ташлаган ўша савол қулоғим остида қайта-қайта жаранглаб турибди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон