Get Mystery Box with random crypto!

​Ёмон аҳволимиз яхши бўлиб қолгани йўқ Heritage Foundation'ни | bakiroo

Ёмон аҳволимиз яхши бўлиб қолгани йўқ

Heritage Foundation'нинг 2024 йил учун тузилган "Иқтисодий эркинлик" рейтингида Ўзбекистон яна 0,6 балл йўқотиб, 55,9 балл билан 103-ўринни эгаллаган. Таснифга кўра, Ўзбекистон яна асосан Ноэркин давлатлар қаторида қолган. Янги ва эски тарихимизда энг юқори балл 2021 йилда (58,3) қайд этилган эди ва ўшанда ўрта меъёрдаги эркин мамлакатлар қаторига жудаям яқинлашган эдик.

Бу йилги рейтинг динамикасини шакллантирган асосий ўзгаришларни Фискал саломатлик (-13,2 балл) ва Давлат харажатлари (-4,5 балл) омиллари белгилаган. Эътиборлиси, ушбу индикаторлардаги аҳволимиз тўртинчи йил кетма-кет ёмонлашмоқда.

Фискал саломатлик ва Давлат харажатлари масаласида аҳвол тубга қараб кетаётганлигини тўрт йилдан бери тасдиқланган бюджет дефицити кўрсаткичларига намойишкорона амал қилинмаётганлиги, харажатларнинг ўсишини тиювчи институтларнинг формал фасадга айлангани, давлат харажатлари самарасиз лойиҳалар ва тўхтамаётган зарарли тажрибалар туфайли ошаётганлиги, буларнинг ҳаммаси кенг аҳоли қатламлари турмуш тарзида ва чўнтагида акс этаётгани, ижтимоий тенгсизлик ортаётганида кўриш мумкин.

Солиқ юки, Инвестициялар эркинлиги ва Молиявий эркинлик индикаторларида ўзгариш бўлмаган.

Мулкчилик ҳуқуқи (+2,0) ва Суд фаолияти самарадорлиги (+2,3) омилларидаги ўсиш учун қувонишга шошилмаслик керак. Биринчидан, ўсишга қарамай, жуда паст кўрсаткичларда қолмоқдамиз, иккинчидан, 2021 йилга солиштирганда орқага кетиш ҳали бери тикланиши қийин.

Дунёдаги иқтисодий эркин давлатлар учлиги ўзгармай қолган: Сингапур, Швейцария ва Ирландия.

Россия таъсиридан росмана озод бўла олган ва эркин тараққиёт йўлини тутган, эркин сайловларда доимий алмашинадиган ва фуқароларга ҳисобдор ҳукуматга эга Эстония (7- ўрин), Литва (15-ўрин) ва Латвия (20-ўрин) ҳайратланарли натижаларни барқарор ушлашда давом этишмоқда.

Марказий осиёдаги қардошлардан энг яхши натижа Қозоғистонга тегишли. 66-ўрин.

Ўзини ҳурмат қилган нормал давлат биронта андоза олмаслиги керак бўлган Россия 131-ўринни, унинг ягона иттифоқчиси Беларусь эса 153-ўринда қайд этилган.