Get Mystery Box with random crypto!

156 млрд.сўмлик Қўқон аэропорти неча йилда ўзини оқлайди? Дам | bakiroo

156 млрд.сўмлик Қўқон аэропорти неча йилда ўзини оқлайди?

Дам олиш кунлари Қўқонда аэропорт фойдаланишга топширилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 156 млрд.сўм сарфлангани қайд этилган (40 млрд.сўм терминал учун, 107 млрд.сўм учиш-қўниш йўлакчаси учун).

Қўқон Аэропортига ҳозирча фақат Тошкентдан Silk Avia (Ҳавошканинг шўъбаси) рейси қўйилиши режалаштирилган.

Воқелик жиҳатидан, албатта, Қўқон аэропортининг очилиши қувончли ҳодиса. Айниқса Наврўз кунларида.

Айни пайтда Қўқон аэропортининг ишга туширилиши чиройли пиар суратлар, баландпарвоз шиорлар ва "байрамга совға" қабилида кўрилмаслиги керак.

Ҳар бир лойиҳа ўзининг иқтисодий мазмунига эга бўлсагина, фаолияти изчил ва узоқ давом этади (бўлмасам, йил ўтмай яна ёпилади). Шу ўринда Қўқон аэропортининг техник иқтисодий асослари мундарижаси қандай эканлиги жуда қизиқ. Хусусан, 156 млрд.сўмлик ўзлаштирилган капитал қанча муддатда қайтади. Зарарсизлик нуқтасига чиқиш учун Қўқон аэропорти кунига нечта рейсга ва қанча йўловчига хизмат қилиниши керак?

Дарвоқе, бундан 2 йил аввал айтилган "Фарғона водийсига ягона аэропорт қуриш" режалари нима бўлди? Ахир ўшанда "ҳар учала вилоят аэропортлари шаҳар ичида жойлашган бўлиб, фақат бир томондан қўниш мумкин, соатига олтита самолётнинг ўтказиш имконияти чекланганлиги" айтилмаганмиди?

Ўзи аэропортлар бўйича ҳар 3 ойда ўзгарадиган охирги стратегиямиз қанақа? Эртага яна ўзгариб қолмайдими?

Ва умуман, қачондан бошлаб, водийликлар хорижга Ўш ва Хўжанддан эмас, Наманан, Андижон, Фарғона ва қўлинг ўргулсин янги аэропорти бор Қўқондан учишни бошлашади? Ва қачондан бошлаб водий аэропортлари тожик ва қирғиз қардошларимизнинг аэропортларига рақобатбардош даражага чиқади?