Get Mystery Box with random crypto!

Artel бу Картель эмас Ўзини Artel компанияси деб ҳисоблайдига | bakiroo

Artel бу Картель эмас

Ўзини Artel компанияси деб ҳисоблайдиганлар номидан эътирознома шаклида расмий муносабат тарқатилипти.

Афсуски, айрим телеграм каналлар ҳеч бир изоҳсиз бу муносабатни тарқатишда кўмаклашмоқда.

Муносабатни ўқиганларда Artel роса бир бечора эканда, уни айрим ичиқоралар бежиз хафа қилишипти, деган фикрга келишлариям мумкин.

Энг аввало айтиш керакки, Artel деган компания йўқ, шу савдо белгиси остида фаолият юритувчи бир нечта, балки ўнлаб хўжалик юритувчи субъектлар бор (имтиёз ва субсидиялардан максимум фойдаланиш учун шундай қилинган). Буни эслаб қолинг.

Муносабатдаги асосий нуқтага тўхталамиз. Эмишки, Artel 5011- сонли қарор доирасида тақдим этилган имтиёзлардан фойдаланади. Бундай компаниялар юздан зиёд ва Artel улардан фақат биттаси. Бу ғирт уйдирма маълумот. Бутундан узиб олиш натижасида ясалган манипуляция.

Биринчидан, Ўзэлтехсаноат уюшмаси таркибига кирувчи электр-маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар сони 40тагина, 100дан зиёд эмас.

Иккинчидан, имтиёзга эга шу 40та компаниянинг камида 7таси Artel савдо белгиси остида фаолият юритувчи ёки уларга аффиланган компаниялардир. Булар:
"TECHNO CONTINENTAL" МЧЖ , "NEXT GENERATION PRODUCT" МЧЖ, "NEW PROFI TECHNOLOGY" МЧЖ, "QUALITY DEVICE" МЧЖ, "FUTURE INDUSTRY SYSTEMS" МЧЖ, "PRIME ELECTRIC ENGINEERING" МЧЖ, "QUALITY ELECTRONICS" МЧЖ. Айтиш керакки, бу компаниялар Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, миллиардлаб суммада ҚҚС ва фойда солиғидан имтиёзга эга бўлишган. Ишонмасангиз, ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин.

Учинчидан, Artel савдо белгисига оид имтиёзга эга бўлган камида 7 компания рўйхатда борлигидан билсангиз бўлади, бу имтиёзларнинг лоббиси ортида ким турганини, ким учун бу имтиёзлар яратилганини. Ҳарқалай имтиёзлар лоббиси масалан, қанақадир ЧП «Kommet Pro»дан чиққан эмас. Қолаверса, қолган аксариятининг ҳатто товар белгиси йўқ 33та компаниянинг жами ишлаб чиқариш миқдорини қўшсангиз ҳам бир неча фоизга етмаса керак (улар статистика учун қўшилганига яна бир далил).

Тўртинчидан, қарорга кўра Artel савдо белгисига оид компанияларга фақат мулк солиғи билан боғлиқ имтиёзлар берилмаган (бугунги анжуманда бу савол бир неча марта кўтарилди). Имтиёзлар қаторида субсидиялар ҳам бор. Artel савдо белгисига оид компаниялар экспортининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар олиб келишади. Яъни сиз-у, биз уларга субсидия ҳам тўлаймиз.

Бешинчидан, яна буларга товарларни экспорт қилишда ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси уч кун ичида қоплаб берилади ҳам.

Қўшимчасига булар фалон минг ишчи ўринлари яратилганини айтишдан, такрорлашдан ҳеч қачон уялмайди (аслида ҳар қандай бизнесдан мақсад фойда, агар бундай бўлмаса, бу бизнес эмас, пул ўзлаштириш), ваҳоланки ўша фалон минг ишчи ўрни баҳона 35 миллион ўзбекистонлик йиллар давомида жазолаб келинмоқда.

Масалан, қўшни мамлакатлардан бир донадан ортиқ маиший ё электр техникаси олиб кела олмайсиз. Чунки акс ҳолда Artel'ни ким сотиб олади. Маиший ва электр техникасини тижорий мақсадларда келтирмоқчи бўлсангиз отнинг калласидек божлар тўлашга мажбур бўласиз.