Get Mystery Box with random crypto!

Қозоқ бойлари бўлишишни бошлади. Бу ёқимли, лекин тўғри эмас. | bakiroo

Қозоқ бойлари бўлишишни бошлади. Бу ёқимли, лекин тўғри эмас. Ўзбеклар нима қилиши керак?

Январь ойининг бошидаги тартибсизликлардан кейин Президент Токаев қозоғистонликларнинг ижтимоий муаммоларини ечиш мақсадида "Қазақстан халқына" фонди ташкил этилиши, бу фондга Назарбоев даврида миллиардлаб бойликлар орттирган шахслар ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигига ишоралар берган эди.

Бугун қўшни давлатнинг энг йирик онлайн банки Kaspi.kz банки "Қазақстан халқына" фонди учун 10 миллиард тенге маблағ ўтказганини маълум қилди. Бу тахминан 23 миллион доллар дегани.

Kaspi.kz Қозоғистоннинг ташқи глобал дунё учун ҳам молиявий қиёфаларидан бири ҳисобланади. Банк Қозоғистондаги онлайн ва мобил тўловларнинг ярмидан кўпини назорат қилади. Банк узоқ йиллар давомида Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболди назоратида бўлган. 4 йил аваал банк глобал IPO амалга оширилиши арафасида Сотиболди Kaspi акциядорлари қаторидан формал равишда чиққан. Кузатувчилар Сотиболди ҳалиям банкни норасмий назорат қилишига ишонишади.

Албатта, Назарбоев эпохасида миллий бойликларни ўзлаштирган ва ресурсларни ўз фойдасига тақсимлаганлар қозоқ халқи билан бўлишиши керак. Лекин бу муаммони тўлиқ ечмайди. агар тенгсизлик ва тақсимотдаги адолатсизликлар илдизидан қуритилмаса.

Келинг, Ўзбекистон мисолида тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Айтайлик, шартли Картель ўтган 5 йил давомида солиқ ва божхона имтиёзлари, протекционизм чекловлари орқали Ўзбекистон халқини танловдан маҳрум қилиш ва давлат буюртмаларига эга чиқиш орқали 1 миллиард бойлик орттирди дейлик. Шу бойликнинг ярмини, масалан, Картель эгаларидан тортиб олиб, ўзбекистонликларга бўлиб берилса, ҳар бир фуқарога 15 доллардан тегади. Яъни бу механизм амалда ўзбекистонликларга ҳеч нима бермайди, аҳволни яхшиламайди, ўнгламайди. Камбағаллигимизча қолаверамиз.

Лекин ёдда тутиш керакки, Картель 1 миллиард бойлик орттириш учун ҳар йили ҳар бир ўзбекистонликка камида 60 доллардан зиён келтиради. Картельнинг бизнес модели шу: 1 миллиард бойликка эга бўлиш учун 35 миллион ўзбекистонликка уларни танловлар ва сифатдан маҳрум қилиш, тўлаши керак солиқларни халқ зиммасига юклаш орқали 2 миллиард зиён келтирилади.

Бошқача айтганда, Картель эгаларидан бир қисм пулни олиб, халққа тақсимлаш эмас, мана шу бузуқ тизим ўзгартирилиши керак.

Яъни
:
Картель солиқ имтиёзлари бекор қилиниши лозим.
Картель солиқ тўлаши керак. Картель бож тўлаши керак. Картель давлат буюртмалари ва пудратларига фақат очиқ танлов ва тендерларда курашиб эга бўлиши керак.
Картель ҳукумат эшикларига яқин йўлай олмаслиги керак. Ҳамма қатори сиёсий қарорлар ва лоббилардан узоқлаштирилиши зарур.

Мана бу адолат яратади. Мана бу ўзгаришлар Халқни бойита бошлайди, эртанги кунига ишончни қайтаради. Халққа халққа тегишли бойликларни қайтаради. Чунки Халққа бегонаники керакмас.

@the_bakiroo