Get Mystery Box with random crypto!

Лукашенкога 'раҳмат' Лукашенко бир жиҳатдан ўзи билмай тўғри | bakiroo

Лукашенкога "раҳмат"

Лукашенко бир жиҳатдан ўзи билмай тўғри гапни айтди. Уйғонмаганларни, бефарқларни, ғафлатдагиларни ҳам уйғотди. Биз ростанам Қозоғистонда кечаётган воқеалардан хулоса олишимиз керак. Фақат у айтган, ўйлаган, режалаган тарзда эмас.

Биз тушундик, стратегик ва ўта юқори рентабелли соҳаларга кимларни яқинлаштириб бўлмаслигини. Сотқинлар, юртсотарлар фақат ичкаридан чиқишини.

Ички ва ташқи олигархияни маҳаллий ҳокимият органлари билан, кучишлатар тизимлари билан мулоқотлари ва яқинлашувига абсолют вето бўлиши даркорлигини, уларни қарор қабул қилишдан узоқлаштириш зарурлигини ҳам англадик.

Ислом Каримов раҳматлининг даврида миллий хавфсизлик учун норасмий исталмаган шахслар ёки юқори рискли инвесторлар тушунчаси бўларди. 10 йилдан кейин бизни кутажак истиқболни кўрарди у. Огоҳлантирувчи тизим янги замон чақириқлари нуқтаи назаридан қайта шаклланиши кераклигини тушундик биз.

Ташқи сиёсатда шу пайтгача, бу у ўтган даврми, ё янги даврми, фақат миллий манфаатларга асосланган мустақил сиесатимиз тўғри эканини, сиесатимизни фақат ўз кучимизга таянган ҳолда бетарафлик ва қўшилмаслик принципларида давом эттиришимиз кераклигини яна ҳис этдик биз.

Эртага, худо кўрсатмасин, қалтис дамларга рўпара бўлиб қолсак, биз ё фарзандларимиз, армиямиз, кучишлатарларимиз мустақиллигимиз ва давлатчилигимиз ҳимоясига отланса-ю, улар оккупантлар томонидан "террорист", деб эълон қилиниши ва отилиши мумкинлиги эҳтимоли илдизларини ҳозирданоқ қирқиш кераклиги ҳақида ўйлай бошладик.

Биз давлатчилигимиз, мустақиллигимизнинг беқиёс қийматини бугун яна қайтадан баҳоладик. Кеч бўлмасидан туриб ўлчовларимизни ўзгартириш кераклиги ҳақида хушёр тортдик.

Шу маънода Лукашенкога "раҳмат".

@the_bakiroo