Get Mystery Box with random crypto!

'Лукашенко огоҳлантиришлари ҳақида икки оғиз' Абдулла Абдуқод | bakiroo

"Лукашенко огоҳлантиришлари ҳақида икки оғиз"

Абдулла Абдуқодиров ёзаяпти:

Қўшни Қозоғистонда бўлаётган воқеалар Ўзбекистон давлатчилиги ва Ўзбекистон халқи учун бир қатор қисқа, ўрта ва узоқ муддатли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва тарихий аҳамиятга эга.
Қисқа муддатли иқтисодий оқибатлар ҳақида кўп гапирилди. Мадоми-ки, сиёсий таъсир ҳақида гапирсак, бу қисман қуйидагилардан иборат:
- воқеаларнинг бундай кескин тус олиши Ўзбекистон учун дарс бўлиб, Россиянинг абсолют таъсирида бўлган КХШТ (ОДКБ), ЕОИҲ (ЕАЭС) каби ташкилотлардан умуман узоқ юриш кераклиги ўз тасдиғини топди. ОДКБ нима учун тузилгани ва қайси мамлакатнинг импералистик манфаатларига хизмат қилиши, бунинг учун қандай раҳбарларни ўз ҳимоясига олишга, қандай мудҳиш жиноятлар қилишга тайёр экани мутлақо аён бўлди;
- ОДКБ нинг “тинчлик йўлидаги урунишлари” жуда танловчан экани ҳам кўринди. Ёдингизда бўлса Арманистон билан Озарбайжон урушганда, Арманистон шунча илтимос қилганда ҳам, ОДКБ “бу сизларнинг ўзаро ишларингиз, Озарбайжон Арманистонга четдан таҳдид солмаяпти”, - деган қабилда иш тутиб, аралашмаганди. Бу ҳолат Озарбайжон Республикасига бўлган ҳурмат туфайли эмас, балки у ерда аралашган қуролли кучлар жуда катта талофотга юз келиши муқаррарлиги туфайли юз берган эди. Ҳозир эса, Қозоғистоннинг соф ички ишига аралашиб, ОДКБ қўшинлари киритилди ва 4 кун давомида юзлаб (балки минглаб) кишилар ўлдирилди, 8000 га яқин тинч аҳоли биронта асоссиз қамоқларда.
Ўрта ва узоқ муддатли ҳавфлар ҳақида гапирсак, энг муҳими шу-ки, Россиянинг импералистик ғоялари жарчилари бўлган К.Ф.Затулин, В.В.Жириновский, О.А.Матвейчев, Л.И.Калашников каби Кремль атрофидаги сиёсатчиларнинг гапларидан кўриниб турибди-ки, Россия лочинларининг Қозоғистоннинг нафақат шимолий ҳудудлари балки умуман мамлакатни истило қилиш истаклари Россиянинг асосий элитасининг умумлашган консенсусини (нарратив ғоясини) ташкил этади. Бу таҳдид нафақат Қозоғистон учун, балки барча собиқ СССР сафида бўлган Ўрта Осиё мамлакатлари учун эксистенционал таҳдид шаклига айланган.

Бу борада Россия ҳар доим қилган ишини, яъни элиталар мойиллигини сотиб олиш, иқтисодий мантиққа эга бўлмаган ва ҳеч қачон ўзини оқламайдиган лойиҳаларга катта-катта кредитлар ажратиб, мамлакатни иқтисодий тобеъликда тутиш; турли иқтисодий найранглар ва инвестициялар билан мамлакат иқтисодиётидаги энг муҳим тармоқларни назорат қилиш (айниқса, ёқилғи-энергетика ва коммуникациялар), 5-колонна ва компродорларни кучини ишга солиб, пропаганда домига тортиб, маҳаллий аҳолини доимо маънавий босимда ушлаш ва ҳоказо турли гибрид уруш методларини қўллайди.
Булар ҳам таъсир қилмаганда – охирги аргумент - қуролни ишга солади.
Агар Россия Қозоғистонга қўшин киритишдан ўз олдига қўйган асосий мақсадларига эришса ва қўшинлар доимий равишда қолса, Хитойнинг “Бир бел – бир йўл” стратегик дастури ўз кучини умуман йўқотади, чунки Ўрта Осиё давлатлари билан бевосита ишлаш имконияти барча учун узил-кесил ёпилади. Биринчи навбатда, Хитойдан Ўрта Осиёга Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон автомобил йўллари орқали ўтадиган транспорт коридорлари (Хоргос, Алашанкой, Бахты, Иркештам, Таругарт, Тогуз Торо ва ҳоказолар) бутунлай Россия томонидан қўлга олинади ва назорат қилинади. Бу амаллар қанчалик тез бажарилади – воқеалар ривожи кўрсатади (олти ойдан, уч йилгача). Натижада Ўрта Осиё мамлакатларининг ХХР билан ташқи алоқаси бошқа йўллар орқали амалга оширилиб, хажмлари кескин тушиб, бора-бора умуман ўз аҳамиятини йўқотади. Бекорга ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Қозоғистоннинг ҳудудий бирлиги ва суверенитетини кескин қўллашини алоҳида таъкидлагани йўқ.
Иккинчи навбатда, барча Ўрта Осиё мамлакатларининг суверенитетини формал равишда сақлаган ҳолда, уларни барчасини КХШТ (ОДКБ), ЕОИҲ (ЕАЭС) каби ташкилотлар ичига киритиб, бу мамлакатларнинг сиёсий кучларини, элитасини тўла назорат қилиб, стратегик ресурсларини талай бошлайди (аслида, бу процесс аллақачон бошланган. Шунчаки, кучлироқ ва ашаддийроқ бўлади).