Get Mystery Box with random crypto!

Шулерлар билан мулоқотда бўлган фақат ютқазади Статқўмимиз ун | bakiroo

Шулерлар билан мулоқотда бўлган фақат ютқазади

Статқўмимиз унинг рақамларига ишониш лозимлигини таъкидлашдан чарчаётгани йўқ ва ҳатто мулоқотга чақирмоқда.

Расмий статистикамиз айтмоқдаки, инфляция бўйича ўзгармас вазнлар Жаҳон Банки, Халқаро валюта жамғармаси ва МДҲ Статистика қўмитаси тавсиялари асосидаги қўлланилмоқда.

Бўлиши мумкин. Истисно этмайман. Чунки статистикамиз шунақа бир ҳилқатки, қайси бир услуб рақамларни бўяб-бежаб, ошириб, шишириб кўрсатишга ёрдам берса, ўша услубдан иккиланмасдан фойдаланилаверади. Ўзлариям айтиб турипти, ўзгарувчан вазнлар тарихий эврилиш юз берган 2016 йилда "чиройлироқ" рақам кўрсатган. Ва айнан ўша чиройлироқ рақам расмий статистикага қўшилган. Хунукроғи, ёқимсизроғи эмас.

Мен эмас, ўтган замонда бош вазир ўлароқ 13 йил лавозимда бўлган, бугунги давлат раҳбари олдинги эпохада қайд этилган саккиз фоизлик ўсишлар масаласида жуда кўп эътирозлар билдирган. Ҳатто бу рақамларни бадиий асар дея атаган.

Муаммо шунда. Статистика мамлакатдаги биринчи раҳбарларнинг хоҳиш ва истакларини эмас, реалликни акс эттириши керак. Чунки статистика кейинги қарорларни қабул қилишга асос бўлади. Нотўғри статистикага таяниб фақат нотўғри қарорлар қабул қилинади.

Статқўмимиз фақат ўзига қулай келган, рақамларни чиройли кўрсатишга ёрдам берадиган услуб ва критерийлардан фойдаланишга яна бир мисол.

Бу йилдан бошлаб, "халқаро тажрибадан келиб чиқиб" миллий даромадларда шахсий истеъмолдаги даромадлар улуши кескин оширилди. Яъни, масалан агар фуқаро ўз шахсий уйида яшаса ва бунинг учун ижара ҳақи тўламаса, шартли даромадлар миллий даромадлар ҳисобига қўшила бошланди. Табиийки, жон бошига миллий даромадлар статистикаси жудаям чиройли кўриниш олди. Хусусан, шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар улуши бирданига 3 баробар ошди. Келинг, бунга хўп деб, рози бўлиб турайлик.

Айни бир пайтда статқўмимиз республика бўйича ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни очиқлашда кичик тадбиркорлик субъектлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасини инобатга олмаслиги бўйича ҳеч қачон изоҳ бермаган.

Масалан, статқўм маълумотларига кўра , 2021 йил 1 июль ҳолатига ўртача ойлик иш ҳақи 2 971,1 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳисобда ойлик маошлар ўта паст бўлган кичик бизнес ва қишлоқ хўжалигининг ўрни йўқ. Чунки улар бўйича маълумотлар қўшилса, ўртача иш ҳақи 2 миллион сўмга ҳам бормаслиги мумкин. Ҳожибой Тожибоев айтгандай, "невыгодно".

Кўраяпсизки, расмий статистикамиз қачон рақамлар чиройли чиқишига хизмат кўрсатадиган услублар бўлса, жони билан ундан фойдаланади, тескариси бўлса эса, юзини буриб туради.

Энди ўзингиз ўйланг, статқўмимиз билан баҳсга киришиб ютиб бўладими?

@the_bakiroo