Get Mystery Box with random crypto!

ПАНИСЛОМИЗМ НИМА? Панисломизм (пан... ва ислом) — 19-аср охир | Тарих ва бугун

ПАНИСЛОМИЗМ НИМА?

Панисломизм (пан... ва ислом) — 19-аср охирида бутун мусулмон оламини мустамлакачиларга қарши курашди бирлаштириш тўғрисидаги ҳаракатга Россия ва Англия империялари, шунингдек. СССР томонидан берилган сунъий ном.

19-асрда йирик уламолар ва маърифатпарварлар ислом динини ислоҳ қилиш фикри билан чиқиб муайян дастурлар тузишган. Уларнинг бу фикрлари Бухорода айрим мутаассиб жамоларнинг жиддий қаршилигига учраган. Афғон маърифатпарвари, диний ва сиёсий арбоб Жамолиддин ал-Афғоний 19-асрнинг 70-йилларидан бошлаб бу қарашларни яхлитлаштириб, исломчилик назариясига асос солган. Кейинчалик уни ривожлантиришда Муҳаммад Абду, Икром домла, Гаспринский, Фитрат, Беҳбудий, Абдурашид Иброҳимов, Мунавварқори каби сиймоларнинг муайян даражада хизматлари бўлган.

Фитрат ўзининг "Раҳбари нажот" ("Нажот йўли"; 1914) асарида миллатни мустамлакачилик зулми ва қолоқлик гирдобидан қутқаришда Қуръони каримни мусулмонларнинг раҳбар ва раҳнамоси — нажот дастури (йўли) деб тушунади. Бу муқаддас китоб ва ислом дини ғоялари атрофида миллатни жипслаштиришга даъват этади.

Исломчилик ғояси Туркистонда минтақа жамоатчилиги онгида ислом дини ва жамиятни ислоҳ қилиш, уни янгилаш, бошқа цивилизацияларнинг илғор илмий, техникавий ва маданий ютукларидан фойдаланиш, фан, таълим соҳаларини ривожлантириш ғоялари билан уйғунлашган тарзда кучайиб борган.

Туркистон ўлкаси генерал-губернатори С.М.Духовский "Туркистондаги ислом" (Т., 1899) номли махсус маърузасида Россия империясида яшовчи мусулмонларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги кучайганлигини эътироф этиб, маъмурларни панисломизмга карши курашга чақиради.

Исломчилик ғояси Туркистон минтақасида совет режимига карши олиб борилган қуролли курашда маълум рол ўйнаган. Шунингдек, у Туркия, Эрон, Афғонистон ва бошқа Шарқ мамла-катларида бўлган инқилобларда мусулмон халқларини бирлаштирувчи ғоя сифатида майдонга чиққан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин мустамлакачилик тизимининг емирилишида унинг ҳам ҳиссаси бўлган.

Бироқ исломчилик ғояси вужудга келган пайтидан бошлаб Россия ва Англия ҳукмрон доиралари томонидан панисломизм (улуғ исломчилик) тарзида сохталаштирилган эди. Хусусан, Россия болшевикларининг фикрича, бу ғоя бутун ислом халқларини ягона давлат — халифалик тузиш учун курашга даъват қилар эмиш.

Совет Россияси ва СССР рахбарияти панисломизмга қарши курашда худди туркчилик ва турончиликка нисбатан бўлганидек қатъий чоралар кўрган. Улар панисломизм ва Пантуркизмни жадидчилик ва босмачилик ҳаракатининг асосий мафкураси деб ҳисоблашган.

https://t.me/tarix1988