Get Mystery Box with random crypto!

​Эндокрин касалликлар бўйича 1000 нафардан ортиқ бемор телемед | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

Эндокрин касалликлар бўйича 1000 нафардан ортиқ бемор телемедицина орқали тиббий маслаҳат олди

Шу йилнинг 10 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган эндокринология хизматини такомиллаштириш ва қамровини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида муассаса фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилган эди.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Нусратжон Алимжоновдан муассаса фаолияти ҳақидаги айрим саволларга жавоб олдик:

— Марказимизда эндокрин касалликларни ташхислаш ва даволаш ишлари жаҳон стандартларига мувофиқ амалга оширилмоқда, — дейди Н. Алимжонов. — Хусусан, қандли диабетнинг болалар ҳамда катталардаги 1 ва 2-тури бўйича миллий тавсиялар ишлаб чиқилган ва уларни янада такомиллаштириш чоралари кўриляпти.

2021 йилда муассасамизда жами 2088 та операция ўтказилган бўлиб, 2020 йилда бу кўрсаткич 1736 тадан иборат эди.

— Бугунги кунда марказда қандай операциялар ўтказилмоқда?

— Яқинда 30 ёшли беморда жарроҳлик амалиёти бажарилди. У ўзини 2020 йилдан бери диффуз токсик бўқоқ ташхиси билан касал деб билган. Навоий ва Бухоро вилоятларида 1 йил давомида бир неча бор даволанган.

Шунга қарамай, беморнинг қалқонсимон бези 2-даражадан 5-даражагача катталашиб, нафас сиқиши, бўғилиш, ютинганда қийналиш белгилари пайдо бўлган. Сўнг у марказимизга операция учун жўнатилган.

Бу ерда бемор тўлиқ клиник, инструментал ва биокимёвий текширувлардан ўтказилди. Анестезиолог ва тор соҳа мутахассислари кўрувидан сўнг қалқонсимон без операцияси амалга оширилди. Амалиёт асоратсиз ўтди. Шундан кейин кузатув учун реанимация, эртаси куни эса жарроҳлик бўлимига ўтказилиб, режали даво чоралари буюрилди. Бу каби операциялар ҳозирги кунда муассасанинг ҳудудий филиалларида ҳам амалга оширилмоқда.

Эндокринология марказининг юртимиз бўйлаб 10 та ҳудудий филиали бўлиб, уларда шу йил жами 133 та операция ўтказилди. Уларнинг 31 таси мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётларидир.

— Марказнинг телемедицина йўналишидаги фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Муассасанинг замон талабларига мос ҳолда такомиллаштирилаётган локал тармоғида стационар ва амбулатор ёрдам кўрсатилган беморлар, уларни операция олди тайёрлаш, консультацияларнинг барча турлари ҳақидаги маълумотлар доимий сақланади ва янгиланиб туради.

Энг муҳими, амалга оширилаётган бу каби ишлар чекка ҳудудлардаги беморларга замонавий талабларга мос ихтисослаштирилган эндокринологик хизматлар кўрсатиш имконини бермоқда.

2019 йилда телемедицина орқали 712 нафар, 2020 йилда 650 нафар вилоятларда яшовчи беморга мутахассислар томонидан мобиль консультациялар берилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 1025 нафарни ташкил этди. Натижада ҳудудлардан пойтахтга келиб муолажа олувчилар сони кескин камайишига эришилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi