Get Mystery Box with random crypto!

​'СИЗ ҲАЛИ КЎП ЯШАЙСИЗ...' Республика ихтисослаштирилган кард | ССВ матбуот котиби| Эмланиш – соғлик кафолати!

​"СИЗ ҲАЛИ КЎП ЯШАЙСИЗ..."

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида даволанаётган беморлар даставвал шифокорлардан шу сўзларни кўп эшитишади. Муолажа ва жарроҳлик амалиётларидан сўнг яшашга умидлари мустаҳкамланади, ҳаётга муҳаббатлари янада ортади.

“Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтказилаётган акция чоғида вилоятлик кардиохирурглар ҳам пойтахтдан келган устозларию, ҳамкасблари билан бирга қатор мураккаб операцияларни ўтказишмоқда.

Тиббий кўрикларнинг маҳаллаларга кўчирилиши, беморларнинг хонадонма-хонадон йўқланиши халқ учун айни муддао бўлиб, бу касалликка қарши вақтида ва самарали даво чораларини кўришга замин бўлмоқда.

— Ҳар куни маҳаллаларга кириб, юзлаб хонадонлардаги юртдошларимиз ҳолидан хабар олаяпмиз, — дейди филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов. — Шифокорларимиз тиббий кўрсатмаси бўлган беморларда ЭХО, ЭКГ ва МСКТ текширувларини олиб боришаяпти. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги мутахассислар билан биргаликда “темир дафтар”га кирган фуқаролар танлаб олиниб, ҳар куни ўнлаб бепул жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

— Олтмиш ёшдан ўтганимда юрагим панд бера бошлади, — дейди Косонсой туманининг Испархон маҳалласида яшовчи Марҳабо Юсуфхўжаева. — Патронаж ҳамширамиз пойтахтдан келган врачлар давлат ҳисобидан операция ўтказишаётганидан бохабар қилиши билан уларга учрадим. Бир йўла 3 та стенд қўйишди. Миржамол акадан, у кишининг ёнида турган Акмалжон укамдан ўткир миокард-инфаркт арафасида ҳаётимни хавфдан сақлаб қолишгани учун бир умрга миннатдорман.

Акция доирасида рентгенэндоваскуляр хирургия бўлимида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири, профессор Миржамол Зуфаров раҳбарлигида 8 нафар беморда стентлаш амалиёти бажарилди. Яъни торайган, ҳатто беркилган юрак томирларининг “девор”лари кенгайтирилиб, қоннинг равон оқиши таъминланди. 2 нафар беморнинг тож томирида коронар шунтлашга тараддуд кўрилмоқда.

— Далада узоқ йиллар трактор ҳайдаганман, — дейди Норин тумани Тошлоқ маҳалласида яшовчи Улуғбек Толипов. — Кўргилик экан, икки-уч йилдан буён юрак ҳасталигидан азоб чекардиму, операция учун зарур маблағни тўплай олмаётгандим. — Ниҳоят омадим кулди. Айтишларича, юрагимни чап тож томири тармоғида стентлаш амалиётини ўтказишибди. Энг қувонарлиси, бу операция жароҳатсиз ўтар экан. Худога беадад шукр, оилам бағрига саломатлигимни мустаҳкамлаб қайтиш имконияти туғилди. Биздек беморларга имтиёзли операцияларни ташкиллаганларни, айниқса, халқига беҳад меҳрибон Юртбошимизни оиламиз билан кеча-кундуз дуо қиламиз.

Шу куни “темир дафтар”даги яна бир неча беморда юрак қон-томирини стентлаш амалиёти муваффақиятли бажарилди. Айни дамда Республика ихтисослаштириган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Хуршид Фозилов ҳам мутахассислари фаолиятини кузатиб, хатто энг нозик ва мураккаблар амалиётларни ўзи бажариб, қимматли маслаҳатларини бериб боргани эса, интервенцион кардиохирургларнинг операция чоғидаги масъулиятини янада ошириб турди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари Сардор Турсунов ва Шаҳзод Асқаровлар ҳам бўлим мудири Шуҳрат Салоҳиддинов етакчилигида юқоридаги каби операцияларни бажаришда фаол қатнашишмоқда.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати

@ssvuz

@ssvmatbuotkotibi