Get Mystery Box with random crypto!

Жон қизим, кўргулик экан. Пешонангга ёзилганда. Бўлди бас, эри | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Жон қизим, кўргулик экан. Пешонангга ёзилганда. Бўлди бас, эрингни айблайверма. У бечора ҳам шундай бўлсин демаган-ку. Атай қилмаган-ку...
- Йўқ, мен у кишига айтдим. Таксида кетайлик, дедим. Юрагим сезганди, ойи...
- Бўлди қил. Шуҳратжоннинг ўзи ҳам тамом бўлди. Унга ҳам осон тутма, болам. Бу ёқда сен, у ёқда иккита боланг... Ҳадеб сиз айбдорсиз, деб юрагига тикан қадайверма. Бўлар иш бўлди. Бу ёғи Худодан. Салгина сабрли бўл, болам. Аллоҳ ўзи берган дардга шифосини ҳам беради, албатта . Умидингин сўндирма, - деди онам.
Яқинларим мени овутган сари асабларим таранглашиб бораверарди. Ўзимни назоратда тутолмай қолгандим. Менинг бу кўйга тушишимга фақат, ва фақат эрим айбдор эди. Агар ўша куни машина ҳайдамаганида эди... уни кўргим келмасди. Палатага кириши ҳамоноқ урушиб ташлардим. “Кетинг, сизни ёмон кўраман”, деб ёзғирардим. Кўргани келганлар “Сабрли бўл”, дейишдан нарига ўтишмасди. Албатта, касалнинг қандайлигини билиш учун инсон ўзи дардманд бўлиши керак, ахир. Улар қалбим чекаётган аламни, танамдаги дардни ўндан бирини ҳам тушунишмасди. Ахир, уларнииг оёғи соппа-соғку!
Орадан бир неча кун ўтиб уйга қайтдик. Қаршилигимга қарамай умр йўлдошим мени учинчи қаватга қўлида кўтариб чиқди. Назаримда, у бу иши билан айбини ювмоқчи эди. Кўнглимдаги нафрат ўти ҳамон гуркираб ёнарди. Хаёлимда бир фикр қотиб қолганди: “Ҳаммасига у айбдор!”. Ёнимга югургилаб чиқан қоракўзларимни кўриб, яна йиғлаб юбордим.
“Нуридийдаларим, энди нима бўлади?” - Ичимдан келаётган фарёдни аранг ютдим. Кўзларимдан думалаган ёш юзимга сирғалиб тушди.
- Ойижон, албатта яхши бўлиб кетасиз. Мен ўзим сизга қарайман, - деди 8 ёшли кичик ўғлим меҳр билан. Ё, Оллоҳим, мен уларга қараш ўрнига энди улар менга ғамхўрлик қилишадими?
Менинг чекимга тушган бу қисматни ҳеч бир қалам билан ифодалай олмайман. Нечоғлик азобланганимни ёзишга сўз тополмайман.
Тақдирга тан бериб яшашдан ўзга иложим йўқ эди. Умр йўлдошим тонгда ҳаммадан илгари туриб нонушта тайёрлар, болаларни кийинтириб, мактабга жўнатарди. Сўнг менинг ёнимга нонушта олиб кирар, “Мен ишдан хабар олиб келаман. Сен зерикмай ўтиргин”, деганча чиқиб кетарди. Ёлғиз қолишим эса мени баттар азобларди. Дод солгим, нарсаларни улоқтиргим келарди. Тушликка келиб, яна мени овқатлантирар, сўнг идишларни ювиб, яна чиқиб кетарди. Шомдан кейин ҳам шу аҳвол такрорланарди. Аёл бўлиб эркакнинг ишларини кузатиб ётишдан ҳам оғири бўлмас экан. Ҳаётимиздан илгариги шодлик, қувонч, файз кетгандек эди, гўё. Эрим билан ҳам гаплашгим келмасди. Шифтга тикилган кўйи, тушкунлик гирдобига чўкиб борардим. Шуҳрат акам бирор нарса сўраса, жавоб бермасдим. Гоҳида аламимдан бақирардим ҳам. Гоҳи, йиғлаб-йиғлаб гапириб олардим. Суҳбатларимиз ҳам “Ҳа, йўқ”дан иборат бўлиб қолганди. Ҳафтада икки марта онам келиб, ҳолимдан хабар олиб кетар, йиғилиб қолган кирларни ювар, оғзимга ёқадиган таомни қилиб берарди.
- Она, мен сизни парваришлаш ўрнига сиз яна менга меҳрибонлик қиляпсиз-а, - дедим бир куни ўпкам тўлиб.
- Қизим, бўлди қил. Қайғуга ботиб яшашдан нима наф. Эрингга қара, болаларинга қара, сенга мўлтираб туришибди. Кулсанг кулишяпти, йиғласанг сендан баттар азоб тортишяпти. Нега уларни ҳам дардингга шерик қиляпсан? Аксинча улар билан ўйнаб-кул. Ҳаётда оёқсиз яшаётганлар сон мингта. Аммо уларнинг ёнида қувонч берадиган инсонлари йўқ. Шукрки, сенинг ёнингда яқинларинг бор. Эринг ташлаб кетганида нима қилардинг? Бу шунчаки фалокат, оёқсиз аёл керакмас деганида нима қилардинг? У ундай қилмади. Сенинг барча инжиқликларингга сабр билан яшаяпти. Унга ҳам осонми? Йўқ, ҳаммадан кўра кўпроқ азобланаётган аслида куёвим бўлади. Бир томондан болаларинг, иккинчи томондан сен, учинчи тарафда ўзи... мен сенга Аюб пайғамбарнинг қиссасини айтиб бергандим-ку. Баданлари қуртлаб кетса ҳам сабр билан яшадилар. Ва натижада сабрга яраша Аллоҳ унга яна соғлигини бойлигини қайтарди. Сен ҳам сабрли бўл, энди. Ҳа-я, Шуҳратжон айтганди. Эртага аравача олиб келишаркан. У ёқ-бу ёққа чиқишингга яхши. Бир жойда ётгандан кўра, ўзинг хоналарни айланиб юрасан.