Get Mystery Box with random crypto!

БИЛЛУР КЎЗЛИ УЗУК.. У довдираб қолди, аниқ довдиради. Нодиран | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

БИЛЛУР КЎЗЛИ УЗУК..

У довдираб қолди, аниқ довдиради. Нодиранинг кўзи Дилафрўзнинг алламбало тошлар қадалган кўйлаги ёки шу кўйлакка мос, яъни пошнасида ялтироқ «кўзча»лар порлаб турган туфлисига эмас, айнан бармоғидаги биллур кўзли узугига тушди. Тағин у Дилафрўзнинг қўлларини беихтиёр мўъжазгина сумкачаси остига бекитганини ҳам сезди. Ичида нимадир узилиб кетгандек бўлди. Лекин ўзини тутди.
— Тузукмисан, Нодира? Яхши юрибсанми? Акамлар, жиянларим… — Дилафрўз шошиб-пишиб сўрашар экан, овози ҳам титраб чиқди.
Нодира ўзини тутди. Агар олдинги тезоб, бировда гапи бўлса, айтиб олмагунча аламдан чиқмайдиган Нодира бўлганида эди, ҳозироқ Дилафрўзнинг ёқасига ёпишар: — Сени дўст деб юрсам, душманнинг ишини қилган экансан-да! «Сирим фош бўлмайди», деб ўйлаганмидинг? Йўқ, Худойим чевар, ҳамма нарсани ўрнига қўйиб қўяди. Суф-эй сендай ўртоққа», — дея аламидан чиқар эди.
Йўқ, кейинги олти ой мобайнида бошига тушган савдолар уни оғир-вазмин бўлишга, кўп нарсани ичига ютишга ўргатди. Шунинг учун ҳеч нарса бўлмагандек жилмайиб:
— Яхшимисан, Дилафрўз? Жуда очилиб кетибсан. Илоё, кўз тегмасин. Ҳамиша шунақа ёш, чиройли бўлиб юр! — деди-да, «Сизнинг столингиз ўттиз саккиз», дея тирсагидан тутган сарвқомат қиз тарафга қайрилди.
— Эссизгина, столинг бошқа экан. Ўтираверайлик-чи, балки, алмашиб олармиз, — деди Дилафрўз.
У ҳануз сумкачаси билан қўлини бекитиб турарди. Нодира ҳам сохта афсус билан:
— Шунақа экан… Столимиз бир бўлганда гаплашиб ўтирардик. Ҳа, майли, ростдан ҳам ҳали алмашиш имкони бўлар, — деди-да, қизга эргашди.
Нодира тепаси гуллар билан ясатилган бу кошонага кирган пайтида: «Нимага келдим ўзи? Таклифнома берди, ҳамма ҳам бунақа эҳтиромга лойиқ кўрилаётгани йўқ-ку, деб югуриб келавердинг», дея ўзини койиган бўлса, ҳозир Дилафрўзни кўргач, келганига суюнди. Демак, жонажон ўртоғи уни тугаганлар қаторига қўшиб қўйибди-да.
«Нодиранинг ўғли тўрт девор ичига кириб кетди. Энди унинг юзи қора бўлди, уни нуфузли аёллар саноғидан чиқариб ташлайди», деб ўйлабди-да. Чучварани хом санабди. Ҳали-бери Нодиранинг шохи синмайди. Уни давралар тўридан пойгакка тушириш хамирдан қил суғургандек осон иш эканми?!
Нодира тадбир муносабати билан ўзига оро берган аёллар даврасида ўтирар экан, ён-верига қараб, Дилафрўзни қидирди.
«Мен уни кўрмаётган бўлсам-да, у мени кўриб ўтирганига ишончим комил. Юраги потирлаётганмикин? Олдимда ёлғони фош бўлиб, обрўсизланганидан сиқиляптимикин ё «Бопладим, ажаб бўлди», деяётганмикин?»
Ҳамма жой-жойига ўтиргач, сана муносабати билан ташкил қилинган тантана бошланди. Бири-биридан сермазмун нутқлардан сўнг санъаткорларга навбат берилди. Нодира атрофидаги гулдай тебранаётган аёлларга қараб ўтирар, фикрини жамлашга уринар, лекин хаёллари сочилиб кетаверарди…
«Ўғил-қизимдан тиндим. Энди бемалол яйраб юрсам бўлади…»
Ҳарҳолда, Нодира бу гапни шукроналик билан гапирган бўлса-да, барибир, Худойимга хуш келмадими, бундан тўрт-беш ой аввал ҳаёти остин-устун бўлиб кетди. Ўғли кечаси машинасида бир одамни уриб кетди. Албатта, оғир жароҳат олган қирқ ёшлардан ошган эркакнинг ўзи улфатчиликдан келаётган, яхшигина кайфи бор экан. Энг ёмони, Нодиранинг ўғли Элбекнинг ёнида қиз боланинг борлиги…
Элбек онаси билан хотинига: «Ишхонада эдим, ойнинг охири бўлгани учун ҳисоботимни тугатиб қўяй, деб қолиб кетибман. Бу қиз бекатда турган экан, қўл кўтарди. Исмини ҳам, кимлигини ҳам билмайман. Манави одам йўлнинг ёқасида турган эди, бир қадам қолганда юриб юборди. Тормозни босишга улгурмадим», дея қасам ичса-да, Нодиранинг ҳам, келини Гулнозанинг ҳам кўнглига тушган шубҳа аримади.
Гарчи Нодиранинг синглиси:
— Опа, кўнглингизни тўғри қилсангиз-чи! Агар Элбекнинг ёнида ўтирган ўша қиз билан бир балоси бўлганида уни сизга, айниқса, Гулнозага кўрсатиб ўтирмасди-ку. Ўша заҳотиёқ ҳайдаб соларди… — дея опасининг кўнглидан шубҳа-гумонларни ҳайдамоқчи бўлса-да, Нодира билан Гулнозанинг қовоқ-тумшуғи очилмади.