Get Mystery Box with random crypto!

​​ ИККИ МАШИНА, ИККИ СУҲБАТ... Тонгги соат беш. Тор кўчада | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

​​ ИККИ МАШИНА, ИККИ СУҲБАТ...

Тонгги соат беш.
Тор кўчада икки машина рўбаро келиб қолди. Икки “Ласетти”. Бири оқ, бири қора. Иккисининг рулида ҳам деярли тенгдош, қони қайнаган йигитлар.
Иккови бир-бирига фараларини ўчириб ёқди, аввал секин, кейин тезроқ. “Ўтказиб юборасанми?” дегандек.
Ким ортга чекинишини кутиш билан чамаси ўн беш сония ўтди. Четдан разм солиб турган одам учун бу вазият қандай якун топиши қизиқ эди.
Ҳеч бири ортга қайтмайдигандек, мана ҳозир сигнал чалиш ҳам бошланади гўё.
Кутилмаганда қора “Ласетти” чекина бошлади. Деярди ўттиз метрча юриб, кутилмаган рақибини ўтказиб юборди.
Оқ машинани бошқараётган йигит ўзига билдирилган ҳурматдан мағрурлангандек қора машина ҳайдовчисига бош имлаб кетди.
Оқ “Ласетти” ичидаги суҳбат:
- Ановини қаранг, амаки. Менга ўтказиб юборишимни айтяптими?
- Шошаётгандир балки.
- Бизам кечикяпмиз буёғини сўрасангиз.
- Майли, ҳайдайқол орқага. Ош қочиб кетмайди. Беш дақиқа аввал, беш дақиқа кейин.
- Э, йўўқ. Ортга чекинадиган аҳмоқ йўқ.
- Тураверамизми энди шундай, болам?
- Ана, қаранг. Ўзи қочяпти. Айттимку сизга. Бизни йўлимиздан қайтарадиган ҳали онасини қорнидан тушмаган.
- Қайсарсанда Зокир, ёмон қайсарсан.
- Лекин фойда бердику қайсарлигим.
- Балки уям ўжардир сендек.
- Унда нега чекинди, а?
- Нега ўтказиб юборганини таҳмин қилишим мумкин. Ёнингда ёши катта одам ўтиргани учун бўлса керак. Катталарни ҳурмат қилиши кўриниб турибди.
- Амаки, оласизда гапниям. Мана бизам ҳурмат қиламиз. Биласизку.
- Биламан болам, биламан. Негадир анови масал эсимга тушиб кетди. Икки эчки ҳақидаги. Фақат якуни бошқача бўлди.
- Ха-ха-ха. Оббо амакимей!
Шу вақтнинг ўзида қора “Ласетти”даги суҳбат:
- Бу яна нимаси, шошиб турганда!? Об-бо! Ўтказиш ҳаёлида ҳам йўқ шекилли.
- Бегим, сиз ўтказиб юборақолинг...
- Ўзи шошиб турибмизку гулим. Сабр қил, ҳозир қайтади ўзи.
- Майли, сиз йўл берақолинг. Илтимос..
- Эҳҳ! Майли. Бундай турсак вақтдан ютказамиз фақат. Гулим...
- Лаббай, Бегим...
- Фариштасанда барибир. Ўзимни фариштам!
- Нега ундай деяпсиз?
- Ўзи туғиб юборай деб турган бўлсанг, яна “Йўл беринг” деганингга айтаманда..
- Майли Бегим, феълиздан мукофотласин. Беш дақиқа чидайман.
- Қара, олди ўриндиқда бир отахон ўтирган экан. Ҳойнаҳой ошга кетишяпти.
- Балким..
- Бизам ошнинг зўрини еймиз иншооллоҳ. Эсон-омон қутулиб олгин, ўзим зўридан дамлаб бераман.
- Иншоллоҳ... Иншоллоҳ...
- Биласанми, шу пайт анови масал ёдимга тушди.
- Қайси?..
- Икки эчки ҳақидаги борку. Тор кўприкча устида дуч келиб, бир-бирига йўл бермаган. Ҳудди бизни машиналардек. Оқ ва қора. Ха-ха. Фақат якуни бошқача бўлдида...
- Ҳа-я, лекин сиз барибир ютдиз. Меҳрибонлигиз билан... Мммм...
- Ҳозир, Гулим! Ҳозир! Оз қолди. Яна бироз чидагин, илтимос. Яна бироз!...
Икки соатдан кейин яна ўша тор кўча. Таажубки, яна ўша вазият.
Икки “Ласетти”. Оқ ва қора. Оқ машинадаги суҳбат:
- Ана холос! Амаки қаранг, яна ўша машина.
- Қаердан билақолдинг? Бошқасидир балки.
- Қаранг, рақамиям ўша-ўша.
- Энди мани эшит, болам. Бу сафар сан ўтказиб юборасан.
- Ие, нега экан?!
- Ҳар сафар ҳам шохни тираб, “Мен, фақат мен!” деб ўжарлик қилиш яхшиликка олиб келмайди. Сенга ҳурмат билдирган одамга сен ҳам ҳурмат билдиришинг керак. Кам бўлмайсан.
- Ҳа, майли. Айтганиздек бўлақолсин... Вой буни хурсандлигини қаранг амаки. Оғзи қулоғида-я! Агар сиз бўлмаганизда бир метр ҳам юрмасдим орқага.
- Эҳ, Зокирвой. Отдан тушсанг ҳам, эгардан тушмайсанда...
Шу пайт қора “Ласетти” ҳайдовчиси битта тугул, ўнта машинага йўл берадиган даражада кўтаринки кайфиятда эди. Ортга чекинмоқчи ҳам бўлганди, бироқ қаршисидаги машина ўзи қайтди. Унинг ёнидан ўтиб кетаётиб ташаккур билдириб бош силкиб қўйди. Шу пайт телефони жиринглади.
- Лаббай онажон! Ҳа, суюнчини каттасини тайёрлайверинг! Келиниз тузук.
Яхши, яхши хавотир олманг. Кийиниб турсангиз бозорга тушамиз. Нега дейсизми? Яна битта бешик олгани... УЗИлариз ғирт ёлғончи экан... Ростдан онажон, ҳазиллашаётганим йўқ. Ўғил ва қиз! Ҳасан ва Зуҳра!. Алҳамдулиллаҳ, етказганига шукр!.

@Solixa_Ayol
Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!
БОСИНГ!
https://t.me/+SirEm-hvsXrdKMKK