Get Mystery Box with random crypto!

​​ ИСНОД. (Хаётий хикоя) Унда ҳамма нарса етарли эди, бировда | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

​​ ИСНОД. (Хаётий хикоя)

Унда ҳамма нарса етарли эди, бировдан ками йўқ, бир оиланинг бахтиёр бекаси эди у. Аммо... кунларнинг бирида бир танишига эргашиб, тижорат йўлига кирди-ю, ҳаёти тубдан ўзгарди. Энди у аввалги Лайло эмас эди. Унинг нигоҳларидаги самимият ўрнини сохталик, бефарқлик эгаллади. Гўё у янгича ҳаёт бошлаганди. Аслида эса у ўз бахтини ўзи барбод этаётганини тушунмасди.
Ҳар гал Лайло тижорат сафаридан қўша-қўша оғир сумкаларни кўтариб келаркан, қайнонанинг келинига юраги ачир, унга куйиниб гапирарди:
– Келинжон, ўзингизни қийнаб нима қиласиз, ундан кўра болаларингизни парвариш қилиб, уй юмушларига қаранг. Ўғлимнинг топгани етиб ортиб турибди-ку. Рўзғорингизнинг ками бўлмаса...
Аммо келин қайнонани тўғри тушунмади:
– Менга ақл ўргатманг! Мен уйда чўри бўлиб ўтиришни истамайман. Ўргилдим ўша топарман, тутарман ўғлингиздан. Ўн беш кун уйда бўлса, ўн беш кун ишда. Унинг йўлига қараб ўтираманми, қачон маошини олиб келаркан, деб. Ўзим пул топаман.
– Келинжон ҳарқалай аёлсиз, онасиз. Болаларингиз ёш, уларга кўпроқ кераксиз...
– Болалар менга қолиб кетади, деб қўрқманг, кичкинамни опалари эплашади. Сиз бизнинг ғамимизни еманг!
Шўрлик қайнона мум тишлаб қолди.
Аммо келиннинг юриш-туришлари уни ташвишга солар, бир ғашлик юрагини кемирарди, шубҳалар тинчлик бермасди.
Кунларнинг бирида келин умуман уйга келмади. Кейин бу ҳол яна такрорланди. Ҳар гал тижорат сафарига кетгани, йўлда автобус бузилиб қолганини баҳона қиларди, келин. Аммо кунларнинг бирида тижоратчи келиннинг маст-аласт келиши қайнонанинг сабр косасини тўлдириб юборди.
Ўғли ишдан келгач, воқеани баён этди. Аммо ўғли қаршисида кўз ёш тўкиб турган онасига ўдағайлади:
– Уялмайсизми, ўз келинингизга туҳмат қилишга. У бечора уйим, рўзғорим, деб кеча-кундуз югурса-ю сиз шубҳа қилсангиз.
Қайнонанинг худога илтижо қилиб келинига инсоф тилашдан бошқа иложи қолмади. Эрнинг ишончини қозониб олган Лайло энди қайнонадан асло ҳайиқмас, кўнгли тусаган ишни қиладиган бўлди. Охир-оқибатда уйга уч-тўрт кун келмайдиган бўлди.
Кунларнинг бирида хонадонда қиёмат бошланди. Ғазаб оловида ёнаётган Нормурод хотинига ташланди, ножоиз йўлларга кирган хотинини бурда-бурда қилиб ташлаш учун қўлига пичоқ олди. Аммо она унинг йўлини тўсди.
Бу беҳаё аёл ҳаётингини барбод қилишингга арзимайди. Худонинг ўзи унга жазо берсин.
Уч гўдак бувининг бағрида мунғайиб қолди, Лайло уйдан ҳайдалди. Аммо у оналик ҳуқуқини талаб қилиб, қизчаларини ота уйига олиб кетди. Онаси билан келинига ишониб, уч гўдакни ташлаб тижоратни давом эттирди, жазманлари билан тунларни маишатда ўтказаверди. Гўдакларнинг аҳволи билан қизиқмади. Бемеҳр келини уч гўдак бошига кўп савдоларни солди. Бир куни уларни совуқ оғилхонага қамаб қўйди. Опа-сингил амаллаб қочиб, оталарининг уйига кетишди. Совуқдан кўкариб кетган очликдан суллайиб қолган қизалоқларни қучиб буви юм-юм йиғлади. Лайло яна болаларини талаб қилди. Аммо гўдакларнинг чеккан азоби кўпчиликка маълум эди. Маҳалла-кўй аралишиб, болалар ота уйида қолди.
... Кўча-куйда Лайлони кўп учратаман, уни таниш қийин. Юриш-туриши ўзгариб кетган. Қимматбаҳо кийимларда ял-ял товланиб, ўзини кимларгадир кўз-кўз қилиб юради, тўғрироғи бозорга солади. Минг бир бўёқ чопланган юзлардан фаришталар қочган.
Кўз ўнгимга унинг йўлига термулиб турган қизалоқлари келади. Эссиз фарзанд, эссиз гўдаклар. Яхшими, ёмонми улар ўз онаизорларини соғинишади. Улар она меҳрига муҳтож. Аммо беномуслик йўлига кирган, юрагида раҳм-шавқат, одамийлик бўлмаган, аёл номига иснод келтираётган бу аёлни она деб аташ ножоиз. Ўз фарзандларини тирик етим қилган, ҳою-ҳавасларга қул бўлган бу аёлнинг ҳали кўзи очилади. Аммо ўша пайтда кеч бўлади. Йўқотилган бахтини топиш қийин, иснод доғини ҳеч нарса юва олмайди. Гўдакларнинг уволи тутиб, Лайлонинг итдек хору зор бўлиши аён ҳақиқатдир.
тамом.

@Solixa_Ayol
Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!

https://t.me/joinchat/AAAAAEoqxJvob7F63SjCig