Get Mystery Box with random crypto!

КЎК СОМСА Ўшанда чамаси тўққиз ёшда эдим. Саратоннинг а | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

КЎК СОМСА

Ўшанда чамаси тўққиз ёшда эдим.
Саратоннинг авжи.Кун пешиндан оққан бўлсада,қуёш олов пуркайди.
Уйимиздаги катта шоҳтут тагидаги сим каравотимизни яхши кўрамиз. Ҳам салқин, ҳам шу каравотда ўтириб овқатланган маззада. Эски каравотни эски симларини ғижирлатиб “качалей” учиб, ердаги косага ёки тарвуз палласига талашиб тортишиб қўл чўзиб қорин тўйдирганмисиз? Э, яшаворинг! Унда мазза қилмабсиз, бу дунёга келмабсиз!
Катталарга ҳайронман. Нуқул юриб нон емагин, дастурхон ёзмай тамадди қилмагин дея хол жонимизга қўйишмайди. Увол бўлармиш! Иштаҳамиз дастурхон атрофида эмас , антиқа жойларда очилса айбдор эмасмизку!. Қорасувга нон оқизиб ейиш, ўрикнинг тепасига чиқиб канфет шимиш, ошхона ойнасининг синган кўзига қўл чўзиб совуқ чойни банкадан ютоқиб ичиш, эгатда қизариб қолган қулупнайларни узмай, тиззалаб ўтириб тишлаш жониди дилимиз.. Бу ғаройиб одатларимиздан қорнимиз ҳам, иштаҳамиз ҳам мамнун эди.
Ўша йили рўза ёз ойларига тўғри келгани ёдимда. Уйдаги катталар нима сабабдан кун бўйи оч юришганига унчалик тушунмасак ҳам, айнан шу палла нишолдалар мавсуми бўлишини яхши билардик. Шунинг учун ҳам катталарнинг “оғзи ёпиқ” бўладиган рамазонни орзиқиб кутардик.
Хуллас, ўша куни ҳам укаларим билан сим каравотда качалей учардик. Тандирдан узилган иссиқ кулчаларни дадам олиб келган сопол косадаги нишолдага булаб паққос тушираётганимизда қўшни кўчадаги Холида хола бостириб кирса бўладими:
- Хой ким бор? Маликахону..Маликахон...
Уф! Яна шу кампирми? Хойнахой кўк сомса олиб келгандир. Иштаҳани ҳам белига тепди. Хозир ойим уларга пешвоз чиқадида, айланиб ўргилиб сўрига таклиф қилади. Кейин кампирнинг минг ямоқ дастурхони очилиб жонга теккан кўк сомсалар пайдо бўлади...
Шу кампир сал анақароқ. Алмойи жалмойи гапларику майли, ичига ўт тўлдирилган сомсалари жонга тегди. Йил ўн икки ой сомса кўтариб юради. Байрамларнику қўяверинг. Навруз, май, ноябрдаги парад, хаттоки қаҳратон қиш ҳукмрон бўлган – Янги йил байрами куни ҳам кўк сомсасиз кунимиз ўтмайдигандай қорбобони кутаётган пайтимиз “совға” сини кўтариб кириб келаверади.
Қачон қараманг бировларнинг томорқасида,ариқларнинг лабида куймаланиб ялпиз, отқулоқ, бедага ўхшаш еса бўладиган ўтлардан эски бўз халтачаси қаппайиб кетгунича тераверади.Қишда, ўт ўлан ковжираган ёз саратонида кўкни қаердан топаркин? Бу жумбоққа нафақат биз болаларнинг, катталарнинг ҳам ақли бовар қилмасди.
Айтганимдай бўлди.Хозиргина нон ёпиб бўлиб, тўкилган шафтолиларни тераётган ойим, липпаларига қиситириб олган кўйлак этакларни тушириб чақирилмаган меҳмонга пешвоз чиқди. Қарасам, икки укам аллақачон қуённинг расмини чизишибди. Ҳар дойим шунақа, Холида хола келиши билан Музаффар ва Хуршида беркинишади. Ёки ямоқ дастурхон очилмай, холага қуюқ салом бериб кўчага қочишади. Аммо бу сафар улгуришмади чоғи дарвоза олдида кампирнинг чангалига тушишди.
- Айланай болаларим тўхтанглар.
Сомсачининг “очил дастурхон”очилдими тамом! Қўлингга мажбур тутқазилган сомсани едирмай қўймайди. Уни алдаб ҳам бўлмайди. “Кейинроқ ейман” деб кўрчи, ишониб бўпти! Оғзингга мажбур солдиргани етмагандай, кўзингдан ёш чиқиб аранг ютмагунинга қадар лўқ этиб қараб туради.
Балки сиз кўк сомсани яхши кўрарсиз? Э, сиз Холида холанинг чангалига тушмагансизда?! Ана укам ва синглимнинг аҳволини бир кўринг;
. - Жон хола, хозиргина овқатландик, қорнимиз тўқ.
- Овқат? Майли бир чопсанг хазм бўлади.Кўкнинг ўрни бўлак. Кони фойда! Хой Маззамхон, санам кел!
Бормиман! Сопол косани ариқчада ювиш баҳонасида қочмоққа чоғландим, аммо ойимнинг зийрак нигоҳларига тутилиб, эшиттириб чуқур уф тортганча ортга қайтдим. Сомсаси бошидан қолсин! Неча марта едим деб , чайнаб ютаолмаганларимни Джекнинг ялоғига тупуриб ташлаганимни билмайдида.
Фақатгина биз эмас,Холида кампирни ҳамма болалар ёмон кўради. Хамида, Қодир, Отабек, Нурхон... Баъзилар кампирнинг қораси кўриниши билан дарвозани танбалаб олишади. Ростда, мазза қилиб жевачка шишириб ёки Раззоқ бобонинг қуртини шимиб ўтирганингда қўлингга мажбур кўк сомса тутқазишса кимга ёқади? Гўштли бўлса ҳам майли.