Get Mystery Box with random crypto!

​​“Худойим, бировнинг омонатини тўкис қайтаришимга ўзинг ёрдам | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

​​“Худойим, бировнинг омонатини тўкис қайтаришимга ўзинг ёрдам бер!” дея Аллоҳга ёлвориб, югуриб келган йўли бўйлаб оҳиста юриб келди. Бу орада қоронғу тушиб, атроф кўз илғамас ҳолатда эди. Боягина рўмолчани очиб, томоша қилган жойида нимадир йилтиллади. Эгилиб, диққат билан разм солганди, зиракнинг шериги экан. Қувончи ичига сиғмай, омонатни тугал қилиб ортига қайтди.
Илоҳим, барака топинг! аёл рўмолчадаги тақинчоқларини кўриб йиғлаганча Аброрни дуо қилди. Илоҳим, Аллоҳдан бошқага муҳтож бўлманг! Сизни дунёга келтириб тарбиялаган ота-онангиз роҳатингизни кўриб, узоқ умр кўрсинлар!
Шу бўлдию Аброр бошқа ўғирлик қилмади. Рашид ошпазнинг ошхонасига ҳам яқин йўламади. Онасига ёлғон айтгани бозорда аравакашлик қилишни чиндан қилди. Рўзғордан орттирган пулига ҳар икки ойда бир қўй олиб қўядиган бўлди. Ука-сингиллари улғайиб қабатига кирди. Онаси ҳануз сут-қатиқ сотарди. Уйи ёнган аёлнинг дуоси ижобат бўлдими, ҳаёт машаққатлари унга курашувчанликни обдон ўргатдими, хуллас Аброрнинг ишлари юришиб кетди. Ҳайдовчиликка ўқиди. Шаҳарда сутни қайта ишлаш цехига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлашди. Катта синглисини узатди, укасини уйлантирди. Онаси зорлана- зорлана уйланишга кўндирди. Толеи кулган эркакнинг аёли баракали, қадами қутлуғ келади, дейдилар. Аброр ҳам уйландию, омади юришди. Ўзи ишлаб юрган цех хўжайинининг ёрдами билан қишлоғида сутни қайта ишлаш цехи ташкил қилди. Бир укаси, бир синглисини Университетда ўқитди. Онасини муборак ҳаж зиёратига жўнатди. Энг муҳими ўсмирлигида қилган қинғир ишларининг қурбонлари- велосипедини ўғирлаб сотган кишиларнинг розилигини ҳам олди.
Ароқ ичадиган одамларда аламим бор эди, ароқхўрлар кўзимга ёмон одам бўлиб кўринарди, дея изоҳлади уларга ўтмишдаги айбини. Мен сизларни шу тариқа жазоламоқчи эдим. Шундай қилсам бошқа ароқ ичмайди, Рашид ошпазнинг ошхонасига келиб ароқхўрлик қилмайди деб ўйлагандим. Бугун кўзларим очилди, ҳаром-ҳалолнинг фарқига бораман. Бировнинг ҳақи, норози луқма кимсага буюрмаслигини биламан. Энди гуноҳимдан ўтинглар, фақат онам буни билмасинлар, бу иснодни онам кўтаролмайдилар. Улар бу юзқораликка лойиқ эмасдилар. Бизга бундай тарбия бермагандилар.
Бир пайтлари велосипеди бўлганини ҳам, уни йўқотганини ҳам унутган кексалар ҳайрат билан унга тикилиб тураверишди. Аброр қўярда қўймай уларнинг ҳар бирига велосипеднинг бугунги нархи миқдорида пул берди. Кексаларнинг кўзига ёш келди:
Сен бизни ўшанда эмас ана энди жазоладинг бой ўғлим, -деди бир пайтлари ароқ деса ўзини томдан ташлашга тайёр турадиган ҳамқишлоғи кўз ёшини тўхтатолмай. Сени ўша кезлардаги ҳолатингни энди ҳис қиляпман. Аслида сен эмас биз гуноҳкормиз.
Аброр маҳалласига тўйхона қуриб берди. Ҳашамдор чиройли тўйхонада биринчи куни бутун маҳаллани йиғиб, ош берди.
Бу тўйхона маҳалланики ҳеч кимдан ижара ҳақи олинмайди деди ошда Аброр. Яхши кунларимизга, шодлигимизга хизмат қилсин! Фақат яхши эшитиб олинглар- бу тўйхонада ўтадиган тўйларда дастурхонга ароқ қўйилмайди! Қайси тўйда дастурхонга ароқ қўйилгани, ичкиликбозлик бўлганини эшитсам қаттиқ ранжийман!..
Ошга йиғилганларнинг боши қуйи солинди. Аброрнинг изтиробли болалик хотиралари, “алкашнинг боласи” тамғаси ва отасига қарзга ароқ ичириб, остонасини қўпорган кишилардан қолган озорлари дастурхон атрофидагиларга аён эди...
Бугун ҳамма нарса йўлига тушди. Аброрнинг кўнгли хотиржам. Аёллик бахти, рафиқалик гаштини сурмаган онаси пиру бадавлат ҳожи она бўлиб, фарзандларининг даврасида кексалик ҳузуридан баҳраманд. Болалари бекаму кўст беғуборлик даври гаштини суриб улғайишяпти. Аёли саодатли уй бекаси. Ука-сингиллари ҳам ўзидан тиниб- тинчиган, фаровон, хотиржам умргузаронлик қилишяпти. Болалигида чеҳрасига қўнган тундлик, феълига ўрнашган камгаплик ҳануз унга ҳамроҳлик қилади. Болалик хотиралари тушларига кирганида қўрқиб-чўчиб уйғонади. Олисда қолган ғира-шира изтироблари чап кўксини ачиштиради.
У меҳнат ва сабр билан ўзи хоҳлаган ҳамма нарсага эришди. Бироқ қисмат унга ўғирланган болалигини қайтармади.

@Solixa_Ayol
Яхшилик учун яқинларингиз билан баҳам кўринг!
БОСИНГ!
https://t.me/+SirEm-hvsXrdKMKK