Get Mystery Box with random crypto!

Дугонамга мактублар. Муаллиф: Саида Қорабоева. Куни кеча о | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Дугонамга мактублар.

Муаллиф: Саида Қорабоева.

Куни кеча ота уйимдаги эски жавонни тозаладим. Расмий тарзда бу жавонни “Архивим” десам ҳам бўлади. Мактаб давримдан токи институтни битиргунимга қадар ёзилган қўлёзмаларим, қоралама машқларим ва ҳатто илк севги мактублари ҳам унга “яширинган”. Ҳар бир қоғозни бирма-бир кўздан кечирарканман, хаёлотимни хотиралар олами эгаллаб олгандек, гўё. Синфдош дугоналаримнинг тўй таклифномаларигача сақлаб қўйган эканман. Оний лаҳазаларда беғуборлик даврларим эсталиклари мени маст этди... Бироқ... қоғозлар орасидан мактабда ҳақиқий дўстим бўлган, опа-синглим йўқлигини билдирмаган, чин дугонам Лоланинг номаларини топиб олдим. Энг аламлиси эса... мен уларни унутиб юборгандим... Шаҳарга ўқиш истагида кетган дугонасига самимий тилда ёзилган эди бу мактублар... Ҳатто санаси ҳам битилмаган эди.

1-мактуб
Салом, Озода! Яхши юрибсанми? Ҳойнаҳой, ўқишларинг ҳам тугаб қолгандир. Онам айтди, шаҳарда қолмоқчи экансан. Билмадим, ростми ёки ёлғон. Янганг тоғангнинг хотини Норхол холанинг азасидан қайтишаётганда онамга шу гапни айтибди. Норхол хола эсингдами? У ҳам вафот этди. Яхши кампир эди, раҳматлик. Аммо бирорта фарзанди ҳам унинг ўлигига етиб келишолмади. Ҳаммаси шаҳарга кетиб қолишганди-ку... Шунинг учун уни маҳалла-кўй “чиқариш”ди. Аммо онанинг айтишича, қайсидир ташкилотда раҳбар бўлиб ишлаган тўнғич ўғли келиб маҳаллага катта қозонда ош дамлаб берганмиш. “Одамларда оқибат қолмади”, деб хўрсинди дадам бу гапни эшитганда. Сен ҳам шаҳарга кетиб қолгансан. Ишқилиб, ота-онангни унутиб қўймагин...Қара-я, мен фақат ўзим ҳақимда гапириб сен ҳақингда сўрамабман. Биламан, сен яхши юрган бўлишинг керак. Ахир сен ҳаммадан чиройли, ҳаммадан ақлли қиз эдинг-ку. Шунинг учун ҳам ўқишга кириб кетдингда... Майли яхши юргин...

2-мактуб
Озода, яхши юрган бўлсанг керак. Қишлоққа келиб кетганингни эшитдим. Афсус, мен ўша пайтда икки қишлоқ наридаги бувимникида эдим. Бувим шўрлик касал бўлиб қолди. Шу боис онам мени бориб қарашимни тайинлади. Сени кўрганлар шаҳарлик бўлиб кетганингни айтишди. Сенга ҳавасим келди. Алимардон магазинчининг қизини тўйи бўлди. Аммо бир ой ўтмай келининг аҳволи оғирлашибди. Чиқиб текширишса, тўрт ойлик ҳомиладор экан. Шу заҳоти ҳайдаб юборишибди. Тавба, дейишди бутун қишлоқ. Сен ўзингга пишиқ бўлгин, ўртоқжон, хўпми? Сени худога топширдим.

3-мактуб
Салом, Озода. Мени унаштиришди. Узоқроқ қариндошимизга... Учта қишлоқ нарида яшайди куёв бўлмиш. Тоққа яқин жойларда. У томонларга келин бўлишни сира хаёлимга келтирмагандим. Қишлоқда қолсам керак, деб ўйлардим. Йўқ, адашган эканман. Қиз бола палаҳмон тоши дегани рост экан. Мана учта қишлоқ нарига отилдим. Куёв бўлмиш сени қизиқтираётган бўлса керак-а. Исми Шерқўзи. Кулиб турадиган, содда қишлоқ йигити. Биринчи учрашувга чиққанимизда иккимиз ҳам ҳеч нарсани гапиролмадик. Нима иш қилишини аниқ билмайман. Биласан-ку, бизда қариндошдан совчи келса сўрамасдан бериб юборишади. Отам аммамнинг юзидан ўтолмади. Катта аммамнинг қайнопасининг ўғли экан. Тақдирда тан беряпман. Ўн кундан сўнг тўй. Тўйга келарсан...

4-мактуб
Салом, Озода. Узр, сенга мактуб ёзишга вақтим бўлмай қолди. Ишим роса кўп.Маҳалламизда чироқни кечга бориб ўчириб қўйишади. Шамнинг ёруғида ёзай десам ким қандай тушунади, деб ўйлайман. Шунинг учун сенга ёзолмаяпман. Тўйимга ҳам келмадинг. Янги хонадонга мослашиб кетдим. Қайнона-қайнотам у қадар ёмон одамлар эмас. Қайнонам бироз жаҳли тез. Агар ҳамма нарса ўз вақтида бажарилмаса бошингда тегирмон тошини юргизиши аниқ. Эрталаб тўрт бўлмай ўрнимдмн тураман. Кўча супур ишдан тортиб, сигир соғиш, уй ишлари... бирам кўпки.. аммо ҳаммасини уддалашга ҳаракат қиляпман. Ҳа-я, сенга бир янгилик бор. Яқин орада жиянчали бўласан...

5-мактуб
Салом, Озода. Қишлоққа, ота-онамни кўргани боргандим. Янганг сени унаштиришганини айтишди. Шаҳарлик йигитга турмушга чиқаётган экансан. Жуда ҳавасим келди. Сен яхши яшашга муносиб қизсан. Мен эса яқинда она бўламан.