Get Mystery Box with random crypto!

Адашган смс Шуҳратнинг иши чапасига кетди. Биринчи мижозни м | 🌸СОЛИХА АЁЛ🌸

Адашган смс

Шуҳратнинг иши чапасига кетди. Биринчи мижозни манзилига етказаман деганида машинасининг баллони тешилиб қолди. Ўзи янги эди. Ярим йўлда бир чақа ҳам олмай уни тушириб устахонага кетди.
Ямоқчи 10 дақиқада битадиган ишини ярим соатга чўздиёв. Аксига олгандек телефонининг ҳисобини тўлдираман деганида пайнетчи аёл пулни адашиб бошқа рақамга ташлаб юборса-я. Яна айбини тан олмай “Мен сизга рақамингизни текшириб кўринг, деб кўрсатдим”, — дейди безрайиб. Бу аёл билан пачакилашиш бефойда. Бир келса қўш-қўш дегани шу бўлса керак.
Йўлда пули адашиб тушган рақамни терди. Жуда ўхшаш рақам экан. Шуҳратники 17, уники эса 11 билан тугаркан... Узоқ чақирувдан кейин офатижон қизнинг “кейинроқ қўнғироқ қилинг” деган жавобини эшитди. Ўзи шунақа бўлади. Тасодифан тушган пулни кўрган кўпчилик бегона рақамларга жавоб бермай туради. Аммо Шуҳрат бу билан “алданмади”. Эгасини огоҳлантириш учун “пул тушдими ”деган хабар жўнатди. Инсофли экан, 5 дақиқа ўтмай ўша рақамдан смс келди. “Дарсдаман. Бир соатларда бўшайман... Ўн минг учун раҳмат”. Бу ҳам алдовнинг бир тури. Раҳмат айтишини қара . Соат бир бўлади, икки бўлади, хуллас эртаси куни “менинг рақамимга пул тушмаган ” деб жаҳл билан тугмача босилади. У пулидан умидини узган бўлса-да, яна ички бир қизиқиш билан ёзишга тушди. “Бирдан кейин кўзим тўрт бўлиб сизни кутаман”.
Иш битгач Шуҳратнинг кайфиятидек ҳавонинг ҳам авзойи бузила бошлади. Ёз келганига ҳафта бўляптики, қуёшлисидан ёмғирли куни кўп. Бундай бошланган кунда барака бўлмайди. Қайси томонга юришга боши қотиб турган ҳам эдики, бекат ёнида қўл кўтариб машина тўхтатмоқчи бўлаётган қизни кўрди.
- Эй худо, илоҳим шу менинг насибам бўлсин-да!
Шуҳрат буни дилидан ўтқазишга улгурмай иккинчи йўлдан келаётган “Нексия” шартта йўлини кесиб ўтди-да, ғийқиллаб қизнинг ёнида тўхтади. Кўлмак сувчор- атрофга сачраб кетди. Бундан қиз ғазабланиб:
- Кўзинг кўрми?!. - деганича Шуҳратнинг машинаси томонга юрди.
Шуҳрат ич-ичидан қувонди. Шунақа бўлади бировнинг насибасига бурун тиқиш.
- Метрогача...
- Ўтиринг...
“Нексия” сигнал берганича қолаверди.
“Баттар бўл”, деган маънода Шуҳрат ҳам сигнал чалиб нотаниш ҳамкасби билан хайрлашди.
Одатда у бундай пайтда “Неча пул берасиз?”, деб сўрарди. Бироқ томчилай бошлаётган ёмғир остида қолдириб кетгиси келмади. Яна. Қиз оқ кўйлагига кўлмак сув қолдирган қора доғларини машинага ўтиргандан кейин кўрди шекилли, жиғибийрони чиқди.
- Вой ифлос, энди қандай метрода кетаман?
Шуҳрат ўз-ўзига гапираётган қизга салондаги ойначадан қаради. Эътибор бермаган экан, сочлари чиройли турмакланган, қўлида чиройли гулқоғозга ўралган совға. Демак, у бирор байрамга кетяпти. Сўрамоқчи бўлди-ю, бироқ қизнинг телефони жиринглаб ичидаги тилига чиқмай қолди.
- Энди умуман телефон қилманг. Ҳа, мен шунақаман...
У яна беихтиёр қизга қаради. Кўйлагининг доғларини рўмолчаси билан артяпти-ю, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. “Бечора қиз, ўйлади Шуҳрат битта кўйлаги кир бўлганига бунча куйинмаса. Ёки ҳали қўнғироқ қилган одам унинг қалбига шикаст етказдими?”
- Йиғламанг, - деди йигит ва қизнинг кўз ёшларини артиш учун шунчаки, машина салони чиройи учун олиб қўйган салфеткадан юлиб унга узатди. У қаршилик қилмай олди.
Метрога яқин қолганида қиз тилга кирди.
- Таксимисиз, илтимос, уйимгача олиб бориб қўйинг, пулини тўлайман.
У шунчалар ёқимли гапирдики, Шуҳрат пулини тўламаса ҳам қизни узо-оққа олиб бориб ташлашга рози эди.
- Қаерда турасиз?
Қиз манзилни айтди. Йигит розилигини сукут билан билдирди.
Қиз эса жавобни ҳам эшитмай қўл телефонини титкилаб нималарнидир ёзарди.
- Киприклари жуда қуюқ экан. Ўқирмикан? Институт олдидаги бекатдан чиқди-ку...
Шу пайт Шуҳратнинг хаёлларини бузиб телефонига смс келди. Яна ўша баҳоначидан “ўн беш дақиқалардан кейин қўнғироқ қиламан, кимсиз? ” Ана энди бу ёғи эртакка айланади. “Кимсиз , қаердансиз, қаерда ишлайсиз?” Энди бу саволлардан безор бўлмаса эди. Кайфиятини бузган бир бўлди-ю, светофорнинг қизил чироғи ёнганида унга жавоб смс ёзди: “Кимлигимни сўрагунча 10.000 сўм пулимни ташла”.