Get Mystery Box with random crypto!

ШИЛЛИҚҚУРТ БИЛАН ДАВОЛАНИШ ҲАЛОЛМИ? Абдулатиф ТУРСУНОВ, Ўзбек | Шифо-инфо

ШИЛЛИҚҚУРТ БИЛАН ДАВОЛАНИШ ҲАЛОЛМИ?

Абдулатиф ТУРСУНОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси:

Мутахассисларнинг таъкидлашича, шиллиққурт муолажаси икки турга бўлинади.

Биринчиси, шиллиққуртдан тайёрланган капсулали дори воситасини истеъмол қилиш орқали даволаниш.
Иккинчиси, зулук каби сўлаги билан даволаниш ёхуд шиллиққурт экстрактли кремини терига суртиш.

Ушбу икки турдаги муолажанинг шаръий ҳукми ҳам фарқ қилади:
Шиллиққуртдан капсулали дори воситасини истеъмол қилиш шариатимизга кўра жоиз эмас. Чунки у ҳашарот саналади. Ҳашаротларнинг истеъмоли ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра ҳаром саналади.
Шариатимизга кўра, умумий ҳолатда ҳаром нарсалардан даволаниш тақиқланган. Умму Салама онамиз разияллоҳу анҳонинг бир жорияси касал бўлиб қолганда, шаробдан дори сифатида фойдаланмоқчи эканини айтади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло шифоингизни сизларга ҳаром қилган нарсаларга жойлаштирган эмас”, деб марҳамат қилган.

Фатво китобларимизда “Касалликка ҳаромдан бошқа шифо топилмаган ўринда, ҳозиқ табиб кафил бўлиб, ҳаромдан тайёрланган ёки ҳаром нарса аралашган дори шифо бўлишига кўрсатма берса, зарурат бўлгани боис ҳаромни истеъмол қилиш жоиз” экани айтиб ўтилган.

“Захийрийя” китобида эса ҳаром билан даволаниш жоиз бўлиши (яъни, гуноҳ бўлмаслиги) учун ўша дорида шифо борлиги ва бошқа даво йўқлиги тажрибадан маълум бўлиши кераклиги айтилган. Шифо бор ё йўқлиги тажриба билан аниқланиши таъкидланган.

Ҳозиқ табиб, деганда ўз ишига маҳоратли, юртида тан олинган, муайян тажрибага эга, бугунги кун тили билан айтганда олий тоифали шифокор бўлиши шартдир. Шунингдек, у диний шаръий ҳукмлар ва амалларни ошкора инкор қилувчи бўлмаслиги лозим. Шариатда ҳаром дейилган нарсаларни охирги чора сифатида ишлатиш лозимлигини яхши англамоғи даркор. Акс ҳолда, ҳалол нарса бўлса ҳам ҳаромни тавсия қилиши мумкин.

Шиллиққурт сўлаги билан даволаниш ёки шиллиққурт экстрактли кремини терига суртиш орқали муолажа олиш шаръан жоиз саналади. Чунки бунда ҳаромни истеъмол қилиш маъноси топилмайди.
Шунинг учун ҳам уламолар зулук каби ҳашаротлар орқали муолажа олишга рухсат беришган. Валлоҳу аълам.

УзА

Каналга аъзо бўлиш