Get Mystery Box with random crypto!

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи | Qonunchilik.uz

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассамэтган. Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта.
2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан рамзларини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир давлатнинг Конституцияси, байроғи, герби, мадҳияси каби рамзлари мустақиллигининг муқаддас белгиларидир. Давлатимизнинг рамзлари Давлат байроғи (1991 йил), Давлат Герби (1992 йил), Давлат мадҳияси (1992 йил) қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамланган.

Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон - шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир. Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Шу рамзлардан бири Давлат гербидир. Герб - бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборат.

Давлатимиз герби 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган қонун билан тасдикданган. Шу сабаб, 2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун байрам сифатида қадрли ва унутилмас кунлардан бирига айланган:

Гербимиз давлатимизнинг сиёсий, миллий, хўжалик, жуғрофий, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятларини ҳамда бой тарихий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, гербимизда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва давлат тузилиши тамойиллари ўзига хос тарзда ифода этилган. “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби республика давлат мустақиллигининг рамзидир.

Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса миллий бойлигимиз пахта чаноқлари қийғос очилган ғўза шохларидан иборат чамбаракка ўралганлиги ҳамда гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туриши акс эттирилган.

Гербнинг юқори қисмида ҳурлигимизнинг рамзи сифатида саккизбурчак, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз, марказида афсонавий Ҳумо қуши тасвирланган. Пастки қисмида юртимиз Давлат байроғини ифода этувчи чамбарак тасмасига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

Биз учун суюк ва буюк ана шу заррин тасвирдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маънолар мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида ранглар жилосига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, Ҳумо қуши ва дарёлар - кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Ўзбекистон” ёзуви - олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий - яшил рангда, чаноқлардаги пахта - оқ рангда; лента - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак - олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, яримой ва юлдузлар - оқ рангда тасвирланган.

Гербда ўз ифодасини топган жаннатмакон диёримиз ҳусн-тароватига ишора этувчи манзаралардан тортиб, дарё, буғдой бошоғи, ғўза ва пахта чаноқлари халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидлари ифодаси, қуёш, ярим ой, юлдуз- жамиятимиз жипслиги белгиси, шунингдек, омад, ҳиммат, олижаноблик, эрксеварлик ва фидойилик рамзи бўлган афсонавий Ҳумо қуши - буларнинг барчаси миллатимиз, халқимиз ҳаёти, тарихи, руҳияти ва анъаналари билан чамбарчас боғлиқ тимсоллардир.