Get Mystery Box with random crypto!

Ўқувчини ота -онаси хорижий давлатга ишлаш учун кетаётган бўлс | Qonunchilik.uz

Ўқувчини ота -онаси хорижий давлатга ишлаш учун кетаётган бўлса ва фарзандини ҳам олиб кетмоқчи бўлса, фарзанди таълим олаётган муассасадан қай тартибда чиқарилади?

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2015 йил 2 июндаги 13-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА билан тасдиқланган "Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисида" ги НИЗОМ нинг 22-бандига асосан ота-оналар ўқиш, ишлаш, узоқ муддатли даволаниш ёки бошқа мақсадларда доимий ёки вақтинча яшаш учун хорижий давлатга кетаётган бўлса, фарзандини доимий ёки вақтинча яшаш учун кетаётган давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Ушбу Низомнинг 23-бандига кўра ота-оналар фарзандини хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза билан мурожаат этади. Аризага Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг вояга етмаганни мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш учун розилиги акс этган қароридан кўчирма илова қилинади.

Низомнинг 24-бандига асосан берилган ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилиб, ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатларни олганлиги тўғрисида тилхат олади.
Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингач, юқоридаги низомнинг 25-бандига биноан уч кун ичида синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Юқоридаги Низомнинг 26-бандига риоя қилган ҳолда мактаб директори томонидан хорижий давлатдаги таълим муассасасига ўтказилаётганлиги сабабли ўқувчилар сафидан чиқарилган вояга етмаганлар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади ҳамда ҳар ўқув йили чораклари охирида тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига (бошқармасига) ва Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясига тақдим этилади.

Марғилон шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти, 3-даражали юрист: Шерзод Толибов