Get Mystery Box with random crypto!

СУД АМАЛИЁТИ: ходимга ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа кафолатл | Qonunchilik.uz

СУД АМАЛИЁТИ: ходимга ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа кафолатланган тўловлар тўланмади

Штат бирлигининг ўзгаришига олиб келган қайта ташкил этиш сабабли иш берувчи ходимни у билан тузилган меҳнат шартномасини МК 100-м 2-қ 1-б га асосан бекор қилиш ҳақида огоҳлантирди. Ушбу хабарнома пайтидан меҳнат шартномаси бекор қилиш ҳақидаги буйруқ чиқарилгунга қадар иш берувчи ходимга иш ҳақи ва ишдан бўшатиш нафақасини тўламаган. Шунингдек, ходим иш берувчига иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтганлиги ҳақида маълумотни тақдим қилган бўлса ҳам учинчи ой учун ўртача иш ҳақи тўланмади.

Даъвогарнинг позицияси

Меҳнат шартномаси бекор қилиниши муносабати билан 2 ойлик муддатли огоҳлантириш давомида ходим ўртача ойлик иш ҳақини ойлик ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда сақлаб қолади.

Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда, бунга ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бузиши сабаб бўлмаса, ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади МК 109-м..

МК 100-м. 2-қ. 1-б. га асосан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходим меҳнат бўйича маҳаллий органда иш изловчи шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, учинчи ой учун ўртача иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга.

Жавобгарнинг позицияси

Жавобгар даъвогарнинг даъво талабларини тан олмади ва суддан уларни қаноатлантиришни рад этишни сўради.

Суд ҳал қилув қарори

Суд ҳал қилув қарорини чиқарди – даъво талаблари қаноатлантирилсин ва иш берувчидан ходим фойдасига меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш даври учун 2 ойлик ўртача ойлик иш ҳақи, ишдан бўшатиш нафақаси ва иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтганлиги муносабати билан учинчи ой учун ўртача иш ҳақи ундирилсин.

Суд ҳал қилув қарорини асослантириш

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши МК 100-м 2-қ. 1-б. ходимларда иш қидириш даврида, бироқ 2 ойдан кўп бўлмаган даврда ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади МК 67-м.. Иш берувчи ушбу талабни бузди.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши бундан мустасно). Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак МК 109-м. Мазкур талаб ҳам бузилган.

Ходим иш берувчига иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтгани тўғрисида маълумотнома тақдим қилганига қарамай, иш берувчи ходимга учинчи ой учун ўртача иш ҳақини тўлаб бермади. Мазкур тўлов МК 67-м 3-қ да назарда тутилган.

Эксперт шарҳи

МК нормалари технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда тўловлар миқдори ва тартибини белгилайди.

Мазкур ҳолатда иш берувчи ходимни меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ниятидан камида 2 ой олдин ёзма равишда қўл қўйдирган ҳолда огоҳлантиришга мажбур МК 102-м. 1-қ. 1-б.
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга асосан огоҳлантириш муддатининг тегишли давомийлиги пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин МК 102-м. 2-қ.
Ходим иш қидириш даврида ойлик ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда, лекин 2 ойдан кўп бўлмаган даврда меҳнат шартномасида кўрсатилган сабаблар туфайли бекор қилинганда ўртача ойлик иш ҳақини сақлаб қолади.

МК нормаларидан келиб чиқадики, ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантиришдан кейин ҳақиқатда бекор қилингунга қадар ишлаган даврида иш берувчи ходимга иш ҳақини ўртача миқдордан келиб чиқиб тўлаб беришга мажбур.