Get Mystery Box with random crypto!

Корхонада иш берувчининг ташаббуси билан ходимлар билан меҳнат | Qonunchilik.uz

Корхонада иш берувчининг ташаббуси билан ходимлар билан меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига мувофиқ штатлар сонининг қисқариши муносабати билан бекор қилиниши режалаштирилган. 2023 йил 1 мартдан янги штат жадвали тасдиқланган. Ходим 2023 йил 28 февралдан навбатдаги меҳнат таътилига чиқарилган.
Ходим меҳнат таътилида бўлган даврда у билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор бўлиши тўғрисида огоҳлантириш хати билан таништирилиши мумкинми? Мумкин бўлса, бунинг тартиби қандай?

Иш берувчи меҳнат шартномасини МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт (МК 102-м.). Мазкур огоҳлантириш хатини ходим ишда бўлмаган пайтда (таътил, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ҳ.к.) ходимга топшириш мумкин ва меҳнат қонунчилиги буни тақиқламайди. Шунингдек, меҳнат қонунчилигида ходим ишда бўлмаган пайтда унга ёзма огоҳлантиришни қайси усулда топшириш (юбориш) ҳам кўрсатилмаган. Корхона бу вазиятда ўз вакилини ходимнинг уйига юбориш ёки ходимга почта орқали буюртма хат юбориш орқали огоҳлантиришни бериши мумкин. Бунда огоҳлантириш даври ушбу огоҳлантириш хатининг иккинчи нусхасида имзо қўйилган кундан (вакил орқали берилганда) ёки почта квитанциясида ходим олганлиги тўғрисида имзо қўйилган кундан (почта орқали юборилганда) бошланади.

Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди, меҳнатга оид муносабатларнинг корхона тугатилганлиги натижасида бекор қилиниши бундан мустасно (МК 102-м.). Қолган ҳоллар, шу жумладан таътил даври огоҳлантириш муддатига киради.