2022-08-22 15:33:45
ҚАЛДИРҒОЧНИНГ КЎЗЁШЛАРИ (таржимаи ҳолим)
Мен
Қабрда туғилган Гўрўғли эдим,
Зулмат йўргаклаган Нурўғли эдим,
Икки жаҳон аро Йўлўғли эдим...
Мен
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим...
Мен
Ризқ гуллаган дала бўйида эдим,
Қанот ёзган ялпиз бўйида эдим,
Висол ва Ҳижроннинг тўйида эдим...
Мен
Қалдирғоч қўрғонин меҳмони бўлдим,
Адашган мусофир армони бўлдим,
“Бор экан, йўқ экан” достони бўлдим...
Мен
Битта боларига толиб тушибман,
Кўҳна бир тандирга қолип тушибман,
Ўз-ўзимга мағлуб – ғолиб тушибман...
Мен
Махлуқдан малаклик изладим кўпроқ,
Қошимда Инсондай гуллади тупроқ,
Қўлим қанот бўлди, кўзларим чироқ...
Мен
Булбул ўқиётган китобни кўрдим,
Гўдак кулгусида хитобни кўрдим,
Шамолни ияртган шитобни кўрдим...
Мен
Қақраган чўл эдим, чин дарё бўлдим,
Бўм-бўш осмон эдим, ўзимга тўлдим,
Ерга жилғаларни етаклаб келдим...
Мен
Билдим руҳ рўёмас, қон ҳам эмас жон,
Кўзёшлар сув эмас, нон эмас виждон,
Одам ҳеч эт эмас, ҳокмас бу жаҳон!
Мен...
Эшқобил Шукур@sherSehri
359 views12:33