2022-08-27 12:35:14
#Улар_Олмонияда_ўқиган_эдилар
ҚУРБОНҚУШЛАР ҚЎШИҒИ
Жавлон Жовлиевга ҳамда Олмонияда ўқигани учун мустабид ҳукумат томонидан қириб ташланган етмиш талабага бағишланади.
Туркистон осмони, Турон осмони,
Не кезар гаҳе хуш, гоҳ эса нохуш?
Улуғ Абдуррауф Фитрат армони –
Туркистон кўкида етмиш қурбонқуш.
Бу қандай ҳайқириқ, бу қандай товуш,
Бу юртнинг кўкида не бор, қалдирар?
Қалдирар, кўзимга тикилар хомуш,
Қурбонқушнинг кўзларими, ялтирар.
Қурбонқушим, жонон қушим, жон қушим,
Чўлпонқушим, султонқушим, хонқушим!
Етмиш қушнинг уволлари тутмасми,
Мен ҳам энди берайинми жон, қушим?!
Қурбонқушлар қай манзилни кўзлайди?
Учиб-қўниб, учиб-қўниб бўзлайди.
Она юртнинг тупроғига қўнолмай,
Қурбонқушлар осмондан жой излайди.
Осмонларда учиб юрган армондир,
Ерга боқиб мунчоқ кўзи ҳайрондир.
Фалаклардан ерга боқиб не излар?
Қурбонқушнинг боласи ҳам сарсондир.
Қурбонқушнинг болалари, кел энди,
Тўплан энди, туғил энди, тин энди!
Тангрим, ёлғиз ўтинчим бор: элимга
Ўлмайдиган болаларни бер энди!..
Туркистон осмони, Турон осмони,
Не кезар гаҳе хуш, гоҳ эса нохуш?
Улуғ Абдуррауф Фитрат армони –
Туркистон кўкида етмиш қурбонқуш...
2022
Насрулло ЭРГАШ
@nasrullo_ergash
260 views09:35