Get Mystery Box with random crypto!

Момо, Сизни жуда яхши кўрардим Той-той бўлиб, изингиздан юрард | Sherlarim.Uz

Момо, Сизни жуда яхши кўрардим
Той-той бўлиб, изингиздан юрардим.
Бугун йўқсиз, соғинарман изингиз
Билсам мангу, бола бўлиб қолардим!

Энг аввало танитдингиз Оллоҳни
Муқаддас бил, дея Каъбатиллоҳни.
Айтардингиз болам шуни унутма
Бандасимиз бизлар дея Оллоҳни!

Гўдак демай, ўргатдингиз дуолар,
Ўқиб юргин даф бўлар деб балолар.
Яратганнинг марҳамати кенг бўтам,
Омийн десанг тарк этар деб хатолар.

Узун тунлар эртак, достон эшитиб,
Ботир бўлиб тушда девлар йиқитиб.
Ухлар эдим, пинжингизда мириқиб,
Ўтган кунлар соғинарман орзиқиб.

Набиралар қатор эдик жам эдик,
Момо сизнинг меҳрингиздан шод эдик.
Болалик ҳам олисларда сиз каби,
Соғингандан қалам тутдим ёд этиб.

Ҳаққингизга дуо қилгум моможон,
Жаннатидан жойлар берсин художон.
Меҳрингизни икки олам унутмам,
Фариштадек яшаб ўтган моможон!

Каприн_5.09.2022 й
Рафаэл Сайдуллаев