Get Mystery Box with random crypto!

#ПРЕМЬЕРА Бўлди... Эслолмам кўнглингни топганим Она, Бошинг | SHERLAR

#ПРЕМЬЕРА

Бўлди...

Эслолмам кўнглингни топганим Она,
Бошинга рўмоллар ёпганим Она,
Етади дунёга чопганим Она,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Таъзимлар айладим сенгамас ётга,
Эришмоқ истадим бой деган отга,
Ҳозир сўз тополмай турибман додга,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Айт қачон дилинга ҳаловат солдим,
Чорладинг мен дунё бағрида қолдим,
Бундай тош кўнгилни қаердан олдим,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Мен ёмон мен нодон билмадим қадринг,
Куттириб, куттириб оширдим жабринг,
Она... Тоғлардайин эканку сабринг,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Минг бор хавотирга қўйганман кечир,
Бормай қалбингни ҳам ўйганман кечир,
Барини ёшликка йўйганман кечир,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Қанча бегонага қуллуқлар қилиб,
Яшадим нафсимни бўйнимга илиб,
Қийнади соғинчим кўксингни тилиб,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Энди даргоҳингдан кетмам йироқлаб,
Бошқа вужудингни қўймам фироқлаб,
Майли келаверсин дунё сўроқлаб,
Ҳасратим юрагинг ёқмайди бўлди...

Муаллиф: Зоҳид Зиё...

https://t.me/joinchat/AAAAADwROIl2Eg9zT1-n5Q



anba: @sherlar


        #like_boss