Get Mystery Box with random crypto!

ҲАСРАТ Қорамтир боғларнинг кузги жимлигин Совуққон шамоллар Т | She’riy lahzalar

ҲАСРАТ

Қорамтир боғларнинг кузги жимлигин
Совуққон шамоллар
Тўзғиб ўтганда,
Кўзингга санчилиб ёлғиз ўриндиқ
Юлдузлар чипқондай кўкка бўртганда,
Сен мени эслайсан!
Бўйнинг, лабларинг
Ажалвор ўпичлар тафтидан куйиб.
Сен мени эслайсан: аччиқ ва ғариб,
Бадбуруш тақдирга суянган кўйи...

Сен ҳали ёш эдинг,
Осмон мусаффо,
Ранглар ва қушларнинг қоришиқ исми
Онгингда тўлқинлар ясарди, шаффоф
капалак қаноти сингари жисминг.
Қайғудан олисда чайқалганча маст
Бир эркак қўллари тегмаган сочлар.
Лабингдан ёввойи бўсалар эмас,
Сув ичиб кетарди шўх қалдирғочлар.
Нигоҳлар тамшаниб боқар қаддингга,
Елкангга суйкалиб оқарарди моҳ.
Бош қўйиб мудраган сийнабандингга,
Нурдай соф иффатинг, титроқларинг, воҳ!

Сен ҳали ёш эдинг:
Беғубор, ҳуркак,
Билмасдинг сўл нима, нимадир хато.
Сен ҳали ёш эдинг –
Тўнғизқалб эркак
Бинафша умрингни булғагунча то.

...бақувват дарахтга айланмай ниҳол,
Дарёга қўшилмай
Жонсарак ирмоқ.
Лойпарчин тўшакка йиқилдинг беҳол,
Бунда нажот эмас
Роҳат – ҳайқирмоқ.
Ногоҳ тасаввурдан силқиган ранглар
Осмонни қорага чаплади зумда.
Қулоғинг остида мудҳиш жаранглаб,
Болафеъл руҳингни босди қузғунлар.
Энди кеч.
Дов қисмат манглайинг ўйиб,
Муҳрлаб қўйдию қуллик – тақани.
Нафис ҳиссиётлар бошини сўйиб,
Итқитди,
Отгандай сариқ чақани.

Наҳот мабудларнинг нигоҳи юмуқ?
Шафқатнинг илдизи оғриққа ботган.
Фирдавси жаннатмас,
Ирганч бир тамуғ
Ва Иблис – анави ёнингда ётган.
Сержило тушларинг маҳсули – аянч,
Қилтомоқ умидинг элитиб уйқу
Ортга йўл тополмай,
Тополмай таянч,
Барига кўниккан чоғингда туйқус –
Иккимиз учрашдик,
Қорамтир боғлар
Кузги жимлигини ютганда шамол.
Осмон ўша эди,
Тик эди тоғлар,
Фақат мен – мужаррад,
Сен эса – аёл!
Бутун ер юзида ёлғиз ўриндиқ,
Япроқлар титрарди раққосага хос.
Мен сенга,
Сен менга андак сурилдик,
Ай, сотқин муҳаббат,
кофир эҳтирос!
Тўсатдан уйғониб тисралдинг ортга,
Сарғайиб томарди дийдангдаги сув.
Пайқадим,
Иймондир жазбангни тортган,
Бадбахтга садоқат,
Гуноҳдан қўрқув...

Нега ошиқларнинг озуқаси – ранж?
Эгиз истагларнинг йўли чалишдир.
Севгисиз оила – нақадар жирканч,
Ишқ ила қовушмоқ – фоҳишаликдир?!
Мен энди денгизнинг тубига шўнғиб,
Дурга дуч келибон,
Ҳўпиқиб ҳайрат.
Талмовлаб турганда тушимми-ўнгим,
о, қисмат,
юзимга тупурди найранг!
Даҳшатли чирпандим музликда бу гал,
Бўғзимга тиғ тортдинг,
Оддий чизиқмас.
Ўликлар азобин ҳис қилдим тугал,
Тириклар ҳаёти энди қизиқмас.

...Ўп мени,
Аямай қучавер, ёҳу,
Коинот гумбурлаб, қуласин тошлар.
Қашқир панжасида тирилган оҳу,
Висолнинг рақси самосин бошла!
Худонинг борлиги рост бўлса мутлақ,
Руҳлар учиб юрса
Самовот аро.
Табиат, йўл қўйган хатонгни бутла,
Нилуфар ифори
Ботқоққа ҳаром!..

Сўнди,
сўнаверди дасиса илинж,
Исёнга айланмай қазо топди мунг.
Баджаҳл қонунлар қайраган қилич,
Бизларни тилкалаб ташладилар сўнг...
Ёдимнинг қурандоз хилватида мук
Тушганча ибодат қилар хотиранг:
Одамзод юраги аз-азал куюк,
Дунёда ҳеч нарса эмас бокира.

Сен ҳали ёш эдинг:
Беғубор, ҳуркак,
Билмасдинг мунг нима, нимадир хато.
Сен ҳали ёш эдинг –
Тўнғизқалб эркак,
Бинафша умрингни булғагунча то.
Қорамтир боғларнинг кузги фарёдин
Совуққон шамоллар тўзғиб ўтганда.
Кўзингга санчилиб ёлғиз ўриндиқ,
Юлдузлар чипқондай кўкка бўртганда
Сен мени эслайсан,
Бўйнинг, лабларинг
Олмаган ўпичим тафтидан куйиб.
Сен мени эслайсан: аччиқ ва зариф,
Бадбуруш тақдирга суянган кўйи...

28.12.2018

ЖОНТЕМИР

@sheriylahzalar