Get Mystery Box with random crypto!

10 кундан ортиқ Белорусда давом этаётган норозиликлар жамиятда | Sharq va G'arb

10 кундан ортиқ Белорусда давом этаётган норозиликлар жамиятда ортга қайтмас сиёсий жараёнлар рўй бера бошлаганидан далолат бермоқда. Норози кайфият мамлакатнинг нафақат пойтахти, балки минтақаларига ҳам ёйилиб, жамиятнинг турли қатлаамларини бирлаштира бошлади.

Намойишларнинг илк кунларида асосан ёшлар, зиёли қатлам, Интернет авлоди вакиллари фаол бўлган бўлса, энди ўрта синф, ишчи ва деҳқонлар уларга қўшилганини кўриш мумкин. Демак, жамият авторитар/тоталитар давлатларга хос ҳокимиятга ва ҳукуматга қўрқув билан қараш ҳиссини енгди. Ундан ташқари зўравонлик, тартибсизликлар қилмай ҳамда куч ишлатмай туриб, ақлли йўллар билаш уюшишди.

Шунингдек, қатор Яқин Шарқ мамлакатларида "араб баҳори"ни амалга ошишида фуқаролар Твиттер ва Фейсбукдан ижтимоий тармоқларидан фойдаланишган бўлса, Белорусда Телеграмнинг хизмати беқиёс бўлди. Давлат томонидан Интернет фаолиятига турли тўсқинликлар қўйилса-да, аҳоли барибир йўлини қилиб, бирлашди.

Намойишлар кўламини кўра туриб, президент А.Лукашенко сайловларда 80% овоз тўплаганига ҳеч ким ишонмайди. У ўз легитимлигини маълум маънода йўқотди. Ахборот коммуникациялар ривожланган замонда берилган овозлар билан фальсификациялар, қаллобликлар қилиш ҳам ҳокимиятдагиларга мушкуллик туғдириши аниқ. Экзит-поллардаги ва расмий баёнотдаги овозлар сонининг кескин фарқланиши кишини сергаклантириши табиий.

Умуман олганда пост-совет ҳудудидаги сиёсий жараёнлар авлодлар алмашинувига гувоҳ бўлмоқда. 30 йил аввал иқтидорга келганида айни кучга тўлган, шижоати ва ғайрати кўп бўлган раҳбарлар аста-секин қарияпти. Тахтни ўз муддатида қонуний тарзда кейинги раҳбарга қолдириш анъанаси шаклланишига Белорусдагидек ҳолатлар туртки бўлса не ажаб. Келгусида эса шарафли ном ва чиройли хотира билан тарихда қолишга интилувчилар сафи эҳтимол кенгаяр.

@sharqvagarb