Get Mystery Box with random crypto!

​​Қуйичирчиқда 24 яшар аёл эри томонидан қўйдек бўғизлаб ўлдир | Shahnoza Soatova blogi

​​Қуйичирчиқда 24 яшар аёл эри томонидан қўйдек бўғизлаб ўлдирилди, кечадан бери шу мавзуда 3 та пост ёзиб ўчириб ташладим. Туйғуларимга сўз етмаяпти...

Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақида гап кетса, нимагадир бу мавзуни оиланинг ички иши дейишади, ҳеч нимани ўзгартиришни ё ҳеч бўлмаса қайта кўриб чиқишни исташмайди, ҳаммаси шундай бўлиши керак, шундай бўлиши тўғридек... сен вазиятни бўрттиряпсан, менинг атрофимдаги ҳамма аёллар бахтли, демак муммо унчаликмас дейишади... Мен уларнинг айримларини тушунаман ҳатто, улар жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик даражасини билишмайди, одамлар ҳақида жуда яхши гумондалар...

Хуллас, аёлларга нисбатан зўравонлик деганда мавзу доим аёллар ва эркаклар қарама-қаршилиги майдонига тортилади. Лекин бугун ушбу даҳшатли қотиллик олдида ўша қаттиқ қораловчилар ҳам мум тишлашди – балки ўзларини бироз айбдор ҳис қилишаётгандир, балки англаб боришаётгандир ҳолатни, унинг даҳшатини, ишончларини қайта баҳолашётгандир.

Аёлларимиз ҳамжинслари томонидан пассив (эрнинг аёл қариндошларидан дакки, босим, тақиқу таҳқирлар), эрнинг ўзи томонидан актив (куч ишлатиш) зўравонликка мунтазам дучор бўлмоқдалар, бу даҳшатли даражада, тасаввур қилолмайсизлар. Тасаввур қилиш учун холис бўлиш кифоя.

Онг ўзгармаса, ҳеч нима ўзгармайди. Тоқат бор жойда иллат яшайверади. Иллатга нисбатан тоқатсизлик керак!

Мен ҳозир аёлу эркак – қатъи назар – бундай зўравонликка умумий, бирдек, ҳамжиҳат қаршилик кўрсатайлик демоқчиман. Чунки бу инсоний фожиа!

Албатта, “бекорга бунчалик қилмагандир, аёлнинг ўзида ҳам кўп гап бор” дегингиз келяпти, дерсиз ҳам. Муносабатлар бор жойда ҳар нарса бўлиши мумкин. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, бу дунёда ҳеч нима инсон ҳаётичалик олий қадрият эмас! Муносабати келишмаса, яшамасин, Худога солсин, кетсин.

Шу ўринда бизнинг зўравонликдан ҳимоя тизимимизга ҳам саволлар бор: ўша боғчада мурғаклар кўз олдида содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфи етарли баҳоландими? Шунга мос эҳтиёт чоралари кўрилдими? Айнан нима чоралар кўрилди: очиқланса яхши бўларди. Агар етарли чоралар кўрилган бўлса, унда нега бу фожиа содир бўлди? Ушбу фожианинг олдини олиш мумкинми эди? Зўравонликка қарши кураш ва зўравонликдан ҳимоя тизимимиз яна бир танқидий таҳлил қилиб чиқилиши керак.

Илгари бундай ҳолатлар умуман бўлмаган деёлмаймиз, даҳшатлироқлари бўлгандир балки. Аммо ахборот асримиз ва гаджетлар бизга фожиаларни бутун тафсилотлари орқали инсоний қиёфада яққол кўрсатяпти. Биз энди статистика, рақамлар, хабарларни эмас, фожиаларнинг овозини эшитяпмиз, юзини кўряпмиз, қурбонларнинг ҳолатини ҳис қиляпмиз. Энди жамият бундай фожиалардан таъсирланаверади, ўткир саволларни қўяверади.

Бу бир оиланинг фожиаси эмас, бу ҳаммамизнинг дардимиз...

P.S. Ўта шахсий фикрлар.

@shahnozxon