Get Mystery Box with random crypto!

* * *** Менинг ётар юртим- осойиш тепа, Қадим дарёларнин | Samariddin Sayyidzod

* * ***

Менинг ётар юртим- осойиш тепа,
Қадим дарёларнинг туташган жойи.
Тун тоғлар бошига тикканда капа,
Шом қўйиб юборар, баркашдек ойин.

Кўкгумбаз масжидлар тоқида аъзон,
Кешнинг кенгликлари бир беҳишт каби.
Тоғларнинг, боғларнинг аксида осмон,
Кезинар жаннатга етгандек Набий.

Ёдларда ёз ёрқин, ҳандалак бўйли,
Шамолларнинг олма узиб қочгани.
Ўн саккиз баҳор бор ҳижронли, тўйли,
Бир тотли сирим бор, сенга очгали.

Менинг ётар жойим, осойиш тепа,
Шабнамзор тонгларни сарпойчан кездим.
Туманли тоғларга боқиб ҳар сафар,
Ўзимни бахтиёр ҳоқондек сездим.

Балки йўқлаб турар бир шеърий нафас,
Дарвозамни қоқиб келар дўстларим.
Менинг жон азамга капалак нусха,
Бўйинбоғин тақиб келар дўстларим.

Олисларда кимдир умримни элар,
Элин ортга ташлаб кетмаган шоир.
Минг йилда бир марта дунёга келар,
Тошкентга оёғи етмаган Шоир...

Самариддин Саййидзод

@Sayyidzod