Get Mystery Box with random crypto!

Охирги пайтларда чет элга кетиш орзусида юрган одамларни кўп у | Sanjar Nazar

Охирги пайтларда чет элга кетиш орзусида юрган одамларни кўп учратяпман. Бундан бир йил ёки беш йил олдингидан кўпроқ. Сўнгги йиллардаги «green card» ўйнаш бўйича етакчилигимиз бу ҳолат тўлалигича ёлғиз ўзим билан боғлиқ, субъектив вазият эмаслигини англатиб ҳам турибди. Нега? Ахир 25 йиллик “қўрқинчли туш” (с) даврларида ҳам одамлар бунчалик ватандан безишмаган эди-ку. Жони, моли хатарда бўла туриб ҳам “суриш” ҳақида режа тузишмасди-ку. Орзу қилишган бўлса бордир, у бошқа масала. Бугун эътиқод эркинлиги олдингидан кўпроқ, ҳар ҳолда араб ёзувида бирон маълумот сақлаган одам террористликда гумон қилинмаяпти. Бизнес юритиш анча осонлашди, конвертация бемалол, сўз эркинлиги ҳам олдингидан кўпроқ. Бир қарасанг, кетганлар қайтиши керакдек.

Ўзимча бу ҳолатнинг сабабини тушунгандекман: умид ўлиб қолди. Ўзгаришлар, ислоҳотлар, ваъдалардан илҳомланиб, келажакка умид билан қарай бошлаган одамларимизнинг ҳафсалалари пир бўла бошлади. Ислоҳотларнинг секинлашиши, мавҳумлашиши, номаълум тарафга йўналтирилиши одамларни гангитиб қўйди. “Қўрқинчли туш” даврларида ўйин шартлари аниқ эди. Тўғри жуда ёмон ўйинни ўйнаётгандик, аммо қоидалари бор эди. Уларга амал қилиб, уйғониш орзусида кун кечирса бўлаверарди. Аммо яхши(роқ) бўлса-да, қоидасиз ўйин одамларни кўпроқ чўчитаётгандек. Адашаётган бўлсам, хурсандман.

Умидни қайтариш керак, тирилтириш керак!

2019 йил.