Get Mystery Box with random crypto!

«Аслида ҳокимларнинг қўл остидаги ходимлар ва бошқа тармоқ раҳ | SAFAR

«Аслида ҳокимларнинг қўл остидаги ходимлар ва бошқа тармоқ раҳбарларини ҳақорат қилиши янгилик эмас. Шу пайтгача давлат ташкилотлари раҳбарлари, хусусан, ҳокимларнинг йиғилишларда бошқаларни ҳақорат қилгани, сўкингани акс этган аудио ва видеолар интернетда кўп тарқалган.

Бироқ Тўра Боболов билан рўй берган ҳолат аввалгиларидан фарқли. Боиси у прокуратура органи фаолиятига аралашиб, жазо муқаррарлигини таъминланишига қарши чиққанки, бу ваколатлар чегарасидан чиқишни англатади ҳамда вилоятда қонун устуворлиги таъминланишига раҳна солувчи хавотирларни кучайтиради.

Бу сафарги аудио нимаси билан хавфли? Гап шундаки, Тўра Боболов жон куйдириб ҳимоя қилган шахс суд томонидан коррупциявий жиноят содир этишда айбли деб топилган бўлиб, у Ангор тумани Бандлик марказининг директори бўлиб ишлаган вақтда 30 дан ортиқ камбағалнинг номига сохта ҳужжатлар билан субсидия ажратган, бироқ бу пулларни эгаларига бермасдан жиноий шериклари билан “еб юборган”. Манбаларга кўра, Боболов туман прокурори билан тортишувида ана шу шахслар ҳақида гапирган.

Интернетда тарқатилган аудиода прокурорни йўриғига юргизолмагач Боболов юқори турувчи аллақандай раҳбарга телефон қилиб, қулоқсиз қонун ҳимоячисининг бурнини ерга ишқалиб қўйишга уринганини кўриш мумкин. У суҳбатдошига Ангор прокурорининг тили бир қарич экани, ҳолат бўйича бош прокурор билан гаплашишини билдирган.

Kun.uz коррупцион жиноятда айбланган шахс айни пайтда туман ҳокимлигининг Маҳаллабай ишлаш маркази директори бўлиб ишлаётгани, бу эса суд ҳукмига зид эканини аниқлади.

Манбаларимизга кўра, Боболов Сурхондарёда ҳокими мутлаққа айланганига, қонун ҳам, адолат ҳам ўзи эканини уқтиришга одатланганига анча бўлган. Мажлисларни ширакайф ҳолатда ўтказадиган ҳокимни Президент администрацияси собиқ раҳбари Зайниддин Низомиддиновнинг кадри дейишади. Унинг ваколатлари чегарасидан чиқиб, қонун устуворлигини таъминлашга масъул соҳа вакилига “кекирдак чўзаётгани”нинг боиси ҳам шу.

Айнан шу сабабли ҳам ўтган йили декабрда рўй берган воқеа аудиоси энди тарқатилмоқда. Яъни Низомиддинов амалдан олинган, унинг таъсир доираси бирмунча камайган бир пайтда. Афтидан пичоқ бориб суякка тақалган кўринади. Зеро, бу аудио ортидан Боболов ишдан кетса-ку, хўп-хўп, ишдан кетмаса, уни фош қилганлардан қандай қилиб бўлмасин ўч олишга уриниши турган гап».

Манба