Get Mystery Box with random crypto!

Аҳадбек, сиз ноҳақсиз Ҳурматли Аҳадбек Ҳайдаров, сиз парламен | REPORTER

Аҳадбек, сиз ноҳақсиз

Ҳурматли Аҳадбек Ҳайдаров, сиз парламентарий Расул Кушербаевнинг саволларига ўта қўполлик билан жавоб бердингиз. Сиз бу ерда ноҳақсиз.

Бирон жойга таклиф этилсангиз, албатта у ерда нималар ҳақида гап боришини, нималар ҳақида гаплашиш мумкин-у, мумкин эмаслигини фикрлаб, тайёргарлик кўриб борасиз. Сизни бирор машваратга ҳеч ким сахти сумбатингизни кўргани чақирмайди.

Лекин биз сизнинг бу машваратга тайёргарликсиз келганингизга гувоҳ бўлдик.

Молия вазирлиги сизни 2021 йилги бюджет сиёсати масалалари бўйича ЎзЛиДеПчиларга тушунтириш бериш учун сизни вакил қилиб жўнатган экан, сиз авваламбор уларнинг ҳамма саволларига вазирлик номидан жавоб беришингиз шарт. Албатта, халқ вакилларида саволлар ҳар хил ва кўп бўлади. Чунки улар эртага ўз сайловчилари билан учрашганда бюджет масалалари бўйича ҳар хил саволларга дуч келади ва уларга лозим топишса, ҳарфлаб тушунтиради. Чунки сайловчиларнинг фикрлаш тарзи ҳар хил, уларни тўлқинлантираётган масалалар ҳар хил.

Кушербаевга савол беришдан олдин аввал жамғарма нима эканини билиб олиш керак, дея жеркиб беришингиз ўта маданиятсизлик аломати. Кушербаев ҳали депутат, лекин сиз оддий одамга ҳам бу тарзда жавоб беришга ҳақли эмассиз.

Чунки сиз давлат бошқаруви органининг вакилисиз, буни ўзига хос этикетлари бор. Икки қулоғингизга қуйиб олинг: агар сизга муттаҳҳамларча савол берилса ҳам сиз ана шу этикет доирасида жавоб беришингиз шарт.

Ожиз бандамиз, кимгадир симпатия-антипатиямиз бўлиши мумкин. Лекин бу асло хизмат юмушлари доирасига кирмаслиги керак. Агар ҳар иккингиз тарози палласига қўйилса, бешак Кушербаев томони босиб кетади.

Чунки Кушербаев халқ вакили, унга ўн минглаб одам ишонч билдирган. Сизни эса бир вазиру бир раис акангиз бор. Сиз халқнинг ишончли вакилига қўполлик қилманг. У ўз сайловчиларининг фикрини сизга етказишга, сиздан жавоб олишга ҳақли, сиз эса жавоб беришга мажбурсиз!

Шундоғам халқ сизнинг менежерлик қобилиятингиз қандайлигини билади: беш йилда беш марта лавозим алмаштирдингиз!

Кушербаевга нисбатан ҳурматсизлигингизни ичингизда асранг, уни минбарларга чиқиб сочманг.

Халқ билиб айтиб қўйибди: ҳурмат қилсангиз ҳурмат кўрасиз.

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan