Get Mystery Box with random crypto!

Кетиш осон эмас... Вазир Султонов ва унинг командаси ишдан кет | REPORTER

Кетиш осон эмас... Вазир Султонов ва унинг командаси ишдан кетишга тайёрми?

Эртага Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати меъёрдан паст - 10-12- градус совуқ бўлишидан хабар топиб, этим увишиб кетди. Меъёрдаги совуққа бардош беролмаган мамлакат электр тизими меъёрдан пастига қандоқ чидаркин? Электрикларимиз кутмаган бу совуқ уларнинг профессионал тайёргарлигини имтиҳондан ўтказаяптими, дейман.

Кеча Энергетика вазири кечаю-кундуз – 24 соатдан ишлаётганини писанда қилди. Ўринбосарлари вилоятма-вилоят юрганини айтди. Жуда жўн савол мияда чарх уради: уларнинг юргани билан нима ўзгаради? Бу юришлари бемавруд эмасмикин? Нима бўлганда ҳам электр йўқлигидан фойдаланиб...

Ахир электр мамлакат мудофааси асоси, иқтисодиёт таянчи, миллат фаровонлиги, ўттиз тўрт ярим миллион одамнинг асаби, умри гарови.

Вазир Султонов шу масъулиятни сездими, биз кетишга тайёрмиз, вазирлик курсисига ўтирган кунимиздан буён бундай қарор билан муроса қилганмиз, деди. Айни пессимистик руҳ ўзибўларчиликка олиб келмадимикин? Нега шу кунгача, халқнинг таънаю дашноми, ҳақоратини эшитадиган кунгачагача шартта ташлаб кетолмади?

Энергетика соҳасидаги коллапс оқибатларини сезиб, кетиш ҳақида бир оғиз давлатимиз раҳбарига оғиз солдимикин?

Халқ таълими вазири Шерматов президентнинг Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг “қуруқ ва баландпарвоз гаплар гапириб, давлатимиз раҳбарининг ҳам кўнглини хира қилгани” учун ишдан олинганини баён этди. Президент шу айблар билан таълим бошқармаси бошлиғини ишдан олган экан, мамлакат тақдирини зимистонда қолдираётган вазирни аяб ўтирармикин?

Ўйлаб кўринг, қайси бирини гуноҳи оғирроқ?!

Ташлаб кетиш айтишга осон. Вазифадан воз кечиш, истеъфо бериш бошқа мамлакатларда нормал ҳол ҳисобланади. Одамлар буни табиий қабул қилади ва бундан ҳеч ким хафа ҳам, хурсанд ҳам бўлмайди. Лекин биз ўзбеклар вазифани қисмат, обрў, келажак, бойлик, деб биламиз. Мансабдан кетган кунимиз ҳеч киммасмиз.

Султонов жаноблари вазир либосида ишни бошлаган куни бунга тайёрлигини, мардлигини айтаркан, мен бу гапларнинг самимийлигини сезмаяпман. Айтиш бошқа, амал қилиш бутунлай бошқа нарса. Шунинг учун кетолмайди!

Бизнинг Ўзбекистонда раҳбарни мансабдан туширишнинг ўзи бир муаммо. Бир зумда қанчалаб телефонлар, контактлар, конвертлар ишга тушади. Жамият, миллат, ватан манфаатлари унутилиб кетади.
Шундай экан, “ҳамма кетса ким ишлайди?” – бу савол ҳеч кимни, айнан Султонов жаноблари ва унинг командасини ўйлантирмаслиги лозим. Неча йилдирки, вазир, вазир ўринбосари бўлиб, тўққиз қаватли уйларда яшаб юрган фидойи ёшлар бор.

Кетиш осон эмас. Вазир Султонов вазифасини тарк этолмайди. Илдиз бақувват.

Энергетика соҳасидаги муаммолар тугамайди, эскириб кетган симлар, симёғочлар, трансформаторлар куни келганда алмаштирилади. Одамлар эса кунини бир амаллаб ўтказаверади.

Начора, қирқига чидаган халқ қирқ бирига ҳам чидайди-да. Ахир бизни шунга муносиб кўришаяпти-ку!

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan