Get Mystery Box with random crypto!

Мамлакат тақдири энергетиклар қўлида Мамлакатнинг тўрт тарафи | REPORTER

Мамлакат тақдири энергетиклар қўлида

Мамлакатнинг тўрт тарафидан янграётган энергетик танқислик ва унинг оқибатларини кўз олдимга келтириб, танамда, шууримда ҳис этиб, мамлакат қил устида, деган тўхтамга келдим.

Кеча Интернет тармоғида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг “Свет” ўчганда ҳудудий диспетчерни сўкиш тўғри эмас, у йўқ нарсани бера олмайди”, деб номланган суҳбати тарқалди.

Жуда тўғри фикр ва дарров савол туғилади: электр йўқлигида энергетика вазирлиги раҳбарларини бўралаб сўксак рухсат берасизми?

Келинг, сизни сўкмайлик-да, кеча биргина ҳудудда электр узилиб қолгани учун Япония бош вазирининг халқдан қўлини кўксига қўйиб узр сўраганини бир кўз олдингизга келтиринг. Нега энергетика вазирлиги раҳбарлари шундай қилмаяпти. Бутун бошли бир мамлакатда электр ўчиб-ёнаверса, бу мамлакатнинг хавфсизлик даражаси қай аҳволда қолаяпти?

Наҳот, мамлакат тақдири, миллат тақдири тўртта чўпчакчини лавозимига тенг бўлса?!

Хўжаев жаноблари энергетика танқислигини истеъмол ошиши билан талабнинг ошиши билан оқлайди. Бу ҳеч бир асоссиз оқлов. Агар талаб ва ишлаб чиқариш ўртасидаги пойгада энергетика соҳаси ортда қолаётган бўлса, бунинг учун биринчи навбатда вазирлик жавоб беради.

Ҳурматли вазир ўринбосари: ҳаёт бир жойда тўхтаб қолган эмас. Ҳаёт ривожланишда! Бу нарса вазирлик томонидан ишлаб чиқилган 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепциясида: “Келгусида республикада электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши, деб битилган. Эҳтиёжни билар экансиз, нега тараддудни вақтида кўрмадингиз? Бу истеъфо учун 100 фоизлик асос эмасми?

Вазир ўринбосари ўзини, раҳбариятини ишлаган қилиб кўрсатади: “ҳолбуки асосий вақтимиз жойларда, ишлаб чиқариш объектларида ўтади”. Тўғри, улар тиним билмай ишлаётгандир? Лекин бошқа нарса ҳам аёнки, қўлидан иш келмайдиган одам минг тиртанглагани билан айтилган ишни бажаролмайди. Раҳбарият жойларда, объектларда юравериши мумкин. Бундай самарасиз юришдан кимга фойда?!

“Совуқ кунларда истеъмол каррасига ошади, бизнинг аксарият уйларимиз, биноларимизда иситиш қолоқ даражада. Ҳамма электр иситкичларни ёқади, юклама кескин ортади”. Жаноб Хўжаев, сиз, ҳойнаҳой осмондан тушмагансиз-ку, бу ҳол қарийб ўттиз йилдан бери давом этиб келаяпти-ку. Энергетика тараққиёти, яъни сизни концепциянгиз айни қусурни баратараф этишни кўзда тутмайдими?”

Хўжаев эски қўшиқни янги оҳангларда такрорлайди ва вазирлик фаолиятини оқлагандай бўлади: “газ етказиб бериш муаммоларига келсак, биздагидек (яъни собиқ иттифоқнинг аксарият давлатларидек) газ етказиб бериш тизими дунёда йўқ, бу самарасиз тизим, йўқотишлар ҳаддан ташқари кўп”. Йўқотишларнинг кўплиги ҳақидаги гапни ўттиз йилдан бери эшитаман. Энергетика соҳасига киритилаётган инвестициялар шу ҳолатни тузатишга сарфланмаса, кон қазиб ётишдан не наф?

Вазир ўринбосарининг “мавсумий чекловларнинг ўрнатилиши газ қазиб олиш ҳажмига боғлиқ эмас”лигини қандай тушуниш мумкин? Менимча, талабнинг ошиши мавсумий чекловни келтириб чиқарса керак. Талаб бир зайл бўлса, нега чеклов ўрнатилади?

Талабнинг ошиши газ қазиб олиш ҳажмини оширишни талаб этмайдими? Оддийгина мантиқ: аслида танқислик нимадан келиб чиқади?

Вазирлик электр танқислигини шу пайтгача истеъмолчиларнинг ўз вақтида ҳисоб-китоб қилмаслиги билан изоҳлаб келарди. АСКУЭ тизими ўрнатилса, электр таъминотида узилишлар бўлмаслиги уқтирилди. Ҳозиргача истеъмолчиларнинг 52 фоизи шу тизимга ўтказилибди. Мухбирнинг АСКУЭнинг фойдаси ҳақидаги саволига вазир ўринбосари нима деб жавоб бергани ҳам қизиқ: “тизимнинг натижадорлиги 2021 йилда ўз самарасини кўрсатади”. Э-воҳ, бу қандай вазирликки, қилаётган ишининг оралиқ натижаларини ҳам мониторинг қилиб бормаса?

Хуллас, энергетика соҳаси коллапс ҳолатда. Соҳа жарроҳларга муҳтож.

Канални дўстларингизга ҳам улашинг @reporter_uzbekistan