Get Mystery Box with random crypto!

#ФИҚҲУЛ_АБСАТ Имоми Аъзам билан шогирди Абу Мутиънинг савол- | Qur'on va Baxt

#ФИҚҲУЛ_АБСАТ
Имоми Аъзам билан шогирди Абу Мутиънинг савол-жавобларига асосланиб ёзилган

Савол:
– Энг улуғ ва энг содда фиқҳ нима?
Жавоб:
– Аҳли қибладан ҳеч кимни гуноҳи учун кофирга чиқармаслигинг, ҳеч кимни имонсиз деб ҳукм этмаслигинг, яхшиликка буюришинг ва ёмонликлардан қайтаришинг, сенга етадиган нарсанинг етмай қолиши мумкин эмаслигини, сенга тақдир этмаган нарсанинг етиши мумкин эмаслигини билишинг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бирорталаридан ўзингни четга тортмаслигинг, бирларидан бирларини устунқўймаслигинг, Ҳазрат Усмон ва Ҳазрат Али розияллоҳу анҳумонинг воқеаларини Аллоҳга ҳавола қилишинг, улардан бирини иккинчисидан афзал деб билмаслигинг энг содда ва энг улуғ фиқҳдир.
Имоми Аъзам сўзларида давом этди:
– Диний билимларни билиш аҳкомларни билишдан кўра афзалроқдир. Зеро, кишининг Парвардигорига қандай ибодат (бандачилик) қилишни билиши бошқа кўп илмларни ўзида тўплаганидан кўра фойдалироқдир.

Савол:
– Энг афзал фиқҳ қайси?
Жавоб:
– Банданинг Аллоҳга имон келтиришни, диний вожибларни, суннатларни, жиноятлар ва уларга белгиланган жазоларни, умматнинг ихтилофларини билиши энг афзал фиқҳдир.
Савол:
– Имон нима?

Жавобида Абу Ҳанифа бундай деди:
– Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ибн Муршиддан, у эса Яҳё ибн Яъмурнинг Ибн Умар розияллоҳу анҳуга қуйидаги савол билан мурожаат этганини ривоят қилган:
– Дин тўғрисида хабар беринг-чи, у нима ўзи?
Ибн Умар жавоб қилди:
– Имон келтирсанг, уни биласан.
Яҳё ибн Яъмур:
– У ҳолда айтинг-чи, имон ўзи нима? – дедим.
Шунда Ибн Умар қўлимдан ушлаб бир қариянинг олдига олиб борди, унинг ёнига ўтқизиб қўйди ва: “Бу мендан имон нима ўзи, деб сўраяпти”, деди. Бу қария Бадр муҳорабасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга иштирок этганлардан бири, деди-да, менга юзланиб:
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида, бу мўйсафид билан бирга эдим. Шу пайт Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бошида салласи бор, чиройли бир киши кириб келди. Биз уни бадавий араблардан бўлса керак, деб ўйладик. У одамларнинг елкалари оша ўтиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида тўхтаб:
– Эй Аллоҳнинг элчиси, имон нима? – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб қилдилар:
– «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» деб иқрор бўлишинг. Аллоҳнинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, Қиёмат кунига, яхши ва ёмон тақдир Аллоҳдан эканига ишонишингдир.
Қария тўғри айтдинг, деди. Бадавийлар, саводсиз бўлишига қарамай, бу мўйсафиднинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини тасдиқлаётганидан ажабландик. Қария сўзида давом этиб:
– Эй Аллоҳнинг элчиси, Исломнинг арконлари қайсилар? – деди.
– Намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутиш, закот бериш, имкони бор одамнинг Байтуллоҳга ҳаж қилиши, жунубликдан ғусл қилиш, – дедилар Пайғамбаримиз.
Қария:
– Тўғри айтдинг, – деди.
Биз яна унинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом сўзларини тасдиқлаётганидан ҳайрон бўлдик. Гўё у Пайғамбаримиз алайҳиссаломга таълим бераётгандек эди.
– Эй Аллоҳнинг элчиси, эҳсон нима? – деди қария.
– Аллоҳни кўриб турганингдек иш қилмоғинг. Чунки сен Уни кўрмасанг, албатта У сени кўриб туради, – дедилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
– Тўғри айтдинг, – деди қария ва:
–Қиёмат қачон бўлади? – деб сўради.
– Сўралаётган сўрагувчи одамдан билимдонроқ эмас, – деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Шундан сўнг қария ўрнидан турди, у одамлар орасига киргач, биз уни кўролмай қолдик. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
– Бу қария Жаброил алайҳиссалом эдилар. У сизларнинг олдингизга динингиз асосларини таълим бергани келди, – дедилар.

@quronvabaxt