2022-01-10 19:00:02
#Қуръон_фазилатлари
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг иборалари оз бўлгани билан маънолари, далолатлари кўпдир. Унда мусулмонларнинг яхшиси ҳақида хабар берилмоқда.
Ўзи мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бандалари ичида энг яхшиларидир. Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўрганадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшиси бўлади. Бу ҳадиси шарифнинг маъносидан келиб чиқадиган бўлсак, Қуръони Каримни ўргатадиган мусулмонлар яхшиларнинг яхшисининг устози бўлади. Устоз эса ўз шогирдидан қанчалар устун туриши ҳаммага маълум.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони Каримни ўргатиш ва ўрганиш ана шундоқ улуғ иш бўлиб, ўз соҳибини ана шундоқ олий мақомга эриштиради.
Уламоларимиз Қуръони Каримни ўқитган ва ўқиган зотларни Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари деб атаганлар.
Шунинг учун мўмин банда Аллоҳ таолонинг ва
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси бўламан деса, Қуръони Каримни ўргансин ёки ўргатсин.
Мусулмон халқлар тарихига назар солсак, ушбу ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келингани гувоҳи бўламиз. Мусулмонлар ҳар қандай қийин шароитда ҳам, ҳаётларини хавф-хатарга қўйиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ўрганганлар ва ўргатганлар.
Иншааллоҳ, қиёматгача шундоқ бўлгай.
(«Ҳадис ва Ҳаёт 30-жуз» китобидан)Telegram | Instagram
2.7K views16:00