Get Mystery Box with random crypto!

“ Озроқ пул....” - Эй хумпар ! Кап-катта олий маълумотли, бо | Qisqa Hikoyalar

“ Озроқ пул....”

- Эй хумпар ! Кап-катта олий маълумотли, бола-чақали одам ёнимга пул деб сўраб келишга уялмадингми ?! – менга шундай танбеҳ бераётган, дафтаримдан кўчириб катта бўлган “иккичи” тадбиркор дўстимни олдига бошимни эгиб мулзам бўлиб турар эканман, унга учрашиб хато қилганимни сездим. Унга фақат “ Дўстим ёнингга бир хизмат билан келгандим. Шу озгина пул...” дегандим холос ! Унинг оффисидан чиқиб ўзимни сўкиб-сўкиб, бошқа дўстимнинг олдига йўл оламан.

Кейинги манзилим савдо билан шуғулланадиган синфдошим эди. “Ҳархолда пулни-пулга уришни биладиган одам, пул билан қандай муносабат қилишни билади-да” деб ўйладим.
- Дўстим ёнингга бир хизмат билан келгандим. Шу озгина пул... – менга кулиб қараб турган чеҳраси бирдан тунд аҳволга келади.
- Эй сенлар ! Нега пул деса мени ёнимга чопқиллаб келаверасанлар-а?! Савдогар дегани пул ишлаб чиқарадиган одам дегани эмаску ! – у ҳам арз-додини дастурхон қилди. Гапини охирида эса ёнидан қувгандан баттар қилиб:
- Пул масаласида қайтиб кўзимга кўринма, - деди.

“Қайниукам ! Абжир йигит. Опасидан ҳам пишиқ ! Қаттиқ ерда пул туради дейишадику, у ёрдам берар” – деган ўйда унинг уйига бордим. Ош сузилди, едик-ичдик. Секин гап бошладим :
- Ука, ёнингга бир хизмат билан келгандим. Шу озгина пул...
- Уфффф почча ! Яна қарзми ?! Ахир охирги олиб кетган пулингизни яқиндагина қайтариб бериб, “Ишларим юришиб кетди !” деб айтгандингизку ! Яна нима бўлди?! – шу гапидан кейин ҳам :
- Опамни бахтсиз қилдингиз! - ундай қилдингиз, бундай қилдингиз деб оғзи ёпилмади !

Қайниука укадек бўлмайди-да барибир ! Ука нима қилса ҳам, нима деса ҳам жигар, ёрдам беради. Шу ҳаёлда укамнинг дарвозасини тақиллатаман. Дастурхон атрофига ўтирдим. Келин чой дамлаб келди. Анча гаплашиб ўтирдик.
- Ука, ёнингга бир хизмат билан келгандим. Шу озгина пул... – деганимни биламан, келин чойнакни “дақ !” этказиб қўйди-да, қовоқ уйиб ташқарига чиқиб кетди ! Укам хам йиғламсирашдан нари-бери бўлиб, вазиятини тушинтирди. Юзга фотиҳа тортиб, уйга қайтдим.

У отам, падарим ! Улғайганимча жоним Оллоҳга ва унга омонат бўлган ! Шундай экан пул масаласига ҳам унга ишонсам бўлади. Ахир отамку деб, болалигим ўтган ҳовлимизга қадам босаман.
- Ота ! Ёнингизга бир илтимос билан келгандим. Шу озгина пул...
- Эй эшшак ! Сен қачон катта бўласана ! Ўқитувчи деган номинг бор! Ўзингни аравангни ўзинг тортсанг бўлмайдими-а ?! .... – анча панд-насиҳат эшитганимдан кейин беайб онамни ҳам бир-икки оғиз сўкиб эслаб қўйган отам уйдан қувиб чиқардилар !

Қўлтиғимга катта сўмкани қистириб ярим кечаси уйга кириб келдим. Юзимга қараган хотиним :
- Ха нима бўлди ? – деди.
- Хотин, Шу озгина пул... – деб гап бошлагандим ҳамки, хотиним :
- Қанча керак сизга? Озроқ пулим бор, - деди. Бирдан жаҳлим чиқиб кетди ! Нега ҳамма мени пули йўқ гадо деб ўйлайверар экана !
- Мен сенга пул бер деб айтяпманми ! Нимага хеч қайсинг гапимни охиригача эшитмайсанлар ! Хамманг мени гадо деб ўйлайсанлар ! Болаларни тўғри ўқитиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиққандим ! Шу ишим раҳбариятга ёқиб, бугун мени пул мукофоти билан тақдирлашди ! Шу пулни вақтинча сақлаб тур демоқчиман сенга ! – деб бақирдим.
Шу гапимдан кейин хотинимни чеҳраси ёришди. Сумкамни очиб, пулларни санаб кўзи қувнар экан, кичик ўғлимни кийиб юрган иштонини ечиб олди-да унга пулни ўраб, сандиқни мени қўлим етмайдиган бурчагига солиб :
- Кўзингизни юмиб туринг, - деб калитни қаергадир яширди. Кузгача. Ўзимни асал хотинимдан қўймасин !

Биздақа камҳарж ўқитувчиларни қўлига хар доим хам катта пул тушмаганлиги сабабли, умримда бир марта қўлимга ушлагудай пул олганимда ўзимни йўқотиб қўйиб, уни тўғри ишлатиш ҳақида маслаҳат сўрагани тадбиркор, савдогар дўстим, қайниукам, укам ва отамни ёнига боргандим холос.

- Қараб туринглар 1000 доллар ойлик олай ҳали хаммангни ялинтираман ! Қайтар дунё !

А. Омон
Ибрат учун яқинларингизга юборинг!
Qisqa_hikoyalar1