Get Mystery Box with random crypto!

Иннайкейинчи... Кеча мактабда яхши ишлаганим учун 'Мақтов ёрли | Qishloqlik o‘qituvchi – Қишлоқлик ўқитувчи

Иннайкейинчи...
Кеча мактабда яхши ишлаганим учун "Мақтов ёрлиғи" олдим. Минг қўйли бойдек теримга сиғмай мактабдан қайтаётсам маҳалламиз бошида болалигимизда бизга "дарс ўтган" "муаллим" амакини учратиб қолдим.
- Ҳа, укам чарчамаяпсанми? Жуда хурсандсан. Мукофот олдингми? Халиям ўша мактабда ишлаяпсанми? Ёки директор бўлдингми?
- Мақтов ёрлиғи олдим...
- Иби. Иннайкейинчи?
- Нима, иннайкейинчи?
- Бу ёрлиғингга бирон нарса берадими, лавозиминг кўтариладими ёки пенсияга эртароқ чиқасанми? Балки санаторияга бепул йўлланма берар?
- Йўқ. Шунчаки. Оддий ёрлиқ...
- Тавба. Ёш боладексан-да сен бола. Шунинг ўрнига бир литр пахта ёғи бермайдими, оиланг билан мазза қилиб фойдаланмайсанми? Бир парча қоғозга товуғинг тилла тухум туққандек севинишингга ҳайронман. Энди мавриди келганда сенга айтиб қўяй. Жуда ўзингни ўтга-чўққа ураверма. Ишга секиииин бориб келсанг хам кунинг ўтаверади...
- Амаки. Ишлаганга яраша яхши ишлаш керак. Директоримиз яхши ишламаганларни ёқтирмайди. Ишдан бўшатиб юбориши мумкин.
- Эх, содда экансанку укам. Туманда нима кўп мактаб кўп. Бу мактабдан бўшатса, нариги мактабга бориб ишлайверасанда. 70 та мактабда бир йилдан ишласанг 70 йил... Фалон танловга қатнашаман, писмадон газетага мақола ёзаман деб жонингни қийнамасдан, мазза қилиб яшамайсанми?
Хозир сен каби эркак ўқитувчиларга талаб кучли!
P.S. Миндей ўйлаб кўрсам, амакининг гапида жон бор. Сиз нима дейсиз хамқишлок?
Мақтов ёрлиғимни секин икки буклаб костюмимни ички чўнтагига солиб қўйдим. Ортимга қайтиб магазиндан 1 литр ёғ, 2 килограмм шакар олиб уйга кириб бордим.
Мана, яхши ишлаганим учун директор шу нарсаларни мукофотга берди деганимни биламан, энам кўзда ёш билан директорнинг ўлган ота-онаси-ю, бобо-бувисини дуо қилишни бошлади.
Демак, каникул тугагач, мактабга бориб, директорнинг эшигини тепиб кираман. 2 ставка дарс берса берди, бермаса кейинги мактабга бораман. 70 та мактабда бир йилдан ишласам 70 йил ишлар эканман. 110 ёшга кирар эканман. Ана ундан кейин пенсияни ўйлаб кўраман.

https://t.me/qishloqlikmuallim