Get Mystery Box with random crypto!

Устозим деганинг шеърфуруш чиқса, Суйганим деганинг эрфуруш чи | Qishloqlik o‘qituvchi – Қишлоқлик ўқитувчи

Устозим деганинг шеърфуруш чиқса,
Суйганим деганинг эрфуруш чиқса,
Подшоҳим деганинг элфуруш чиқса, –
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингга жойлансин.
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Чин қолиб, ёлғонлар топса марҳамат,
Яхшимас, ёмонлар топса марҳамат,
Алдамчи замонлар топса марҳамат –
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингта жонлансин.
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Амир ўғри бўлса, қози – риёкор,
Вазир – шуҳратпараст, ўғри – зиёкор
Ва улар халқингдан кулсалар беор –
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танингга жойлансин,
Чидагин, болам-а, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Донолар қорани оппоқ десалар,
Шоирлар ҳаромни шу пок, десалар,
Қўрқсалар, душманни ўртоқ десалар –
Чидагин, болам-а, чидагин,
Дардларинг танинга жойлансин.
Чидагин, болам-ей, чидагин,
Оҳларинг қўшиққа айлансин!

Одамман, деб турса темирлар, тошлар,
Десалар: дунёдан битди кўз ёшлар.
Туғларинг устидан юрса молбошлар, –
Сен чида, болам-ей, сен чида.
Куйлагин – тўхтама бир нафас!
Сен куйла қиличнинг тиғида –
Ўшанда эл-юртинг чидамас!

УСМОН АЗИМ
Ўзбекистон халқ шоири


https://t.me/qishloqlikmuallim