2023-05-13 16:06:10
Лўли дарахт...
Ҳовлимизда биз лўли дарахт деб атайдиган ёнғоқ дарахти бор. Эшитганда ғалати туюладиган бу ном ўз тарихига эга. Кеч куз эди. Адашмасам, ўн бир-ўн икки ёшларда эдим... Болалигимдан одат шу: баҳор, куз ойлари яқинлашаверса, оёқларимда кучли оғриқ туради. Ўшанда ҳам мен яқиндагина шифохонадан қайтган, бироқ муолажалар ёрдам бермагани боис, онам ҳовлимизда оёғимга малҳам суриб ўтирарди. Шу пайт очиқ дарвозамиздан аввал:
- Сингил, итингиз йўқми? деган овоз эшитилди, сўнг биз жавоб бериб улгурмай бири ёшроқ, бошқаси қари иккита лўли кириб келди. Ҳовлимиз этагидаги ёнғоқ тагида ўтириб, бутун қариндошларимизу авлод-аждодимизгача узоқ дуо қилишди.
— Нима бўлди йигитчага, тоби йўқми? сўрашди кейин.
— Нимасини айтасиз, жавоб берди онам, икки йилдирки, оёғи оғрийди. Ўзи яқиндагина дўхтирдан келди, кошки, нафи теккан бўлса!
— Уху-уҳм, тантанавор қилиб йўталди лўлилардан кексароғи, сингил! Худо дардини аритаман деса, ҳеч гапмас. Йўқса, нақ Бухоройи шарифдан қишлоғингизга йўл тортиб келармидим? Албатта, лўли халқининг бунақанги нағмалари ҳаммага таниш. Онам ўзини ҳеч нарса эшитмаганга солиб, ўрнидан турди:
- Хўп, унда сизларга бирор хайр олиб чиқай, ўзи ишларим кўпиди...
- Йўқ! рад этди лўли кампир. Мен сизнинг уйингизга хайр сўраб келмадим. Ҳали айтганимдай, Оллоҳнинг хоҳиши бошлаб келди уйингизга. Энди бир сир айтмасдан кетмайман.
- Ҳа, хола, ҳалитдан бери жим ўтирган иккинчи ёш лўли гапни илиб кетди, билсангиз, қайнонам дами ўткир отинойилар авлодидан. Куф деса, кўрнинг кўзини очиб, суф деса, туғмайдиган хотинларни туғдиради. Қолаверса, қишлоғингизга кирганимиздан адашмай тўппа-тўғри уйингизни топиб келганларини қаранга! Бўлмаса, бу кишини излаб юрганлар қанча. Онам менга, мен онамга қарадик. Бундан умидланган ёш лўли астойдил ялинишга ўтди: Сиз хўп денг, холажон, хўп денг! Ҳеч вақоингиз керак эмас. Бу киши битта игна, бир пиёла сув билан фол кўрадилар. Берсангиз, ўша сувни ичиб, игнангизни олиб кетади, бермасангиз, олмайди. Шугина боланинг қош-кўзларига раҳмим келяптида, хўп денг, холажон! Лўлиларнинг бу қадар камсуқум бўлишини кутмаган эдик. Бунинг устига ҳалиги фолбин лўли келинининг гапларини тасдиқлагандай, ўзгача кибр билан жим ўтирарди. Рози бўлдик. Онам бир пиёла сув, битта игна олиб чиқди. Ийманибгина озроқ пул ҳам қўювди, фолбин лўли уришиб берди: Бу нима қилганингиз? Уйингизга пулга зориққанимдан келибманми? Олинг пулингизни! Онам минг хижолатда пулни қайтариб олиб қўйди. Онам, мен, икки лўли жойлашиб ўтириб олдик. Фолбин лўли ҳунарини бошлади: аввал игнани пиёладаги сувга ташлаб, уч-тўртта оятни чала-чулпа ўқиди. Сўнгра тўрвасидан бир сиқим пахта чиқариб, игнани сувдан олди-да, ўради. Ўралган пахтани қўлтиғимга қистириб, алламбало жониворга ўхшаб, кекира-кекира гап бошлади: Вой, соддагина синглим, деди онамга қарата. Дўстингиз душман чиқибди, душманингиз бало чиқибди. Тўй-маъракаларингизда уйингизнинг тўрига ўтириб, тузингизни тотадиган одам қилибди бу ишни, ноинсоф! Оқ сариқдан келган, шайтон билан ўйнашган аёл экан. Йўқса, гулдай болангизни ўлсин, деб ирим қилиб юрармиди? Алдаб уйига чақириб, бошидан ўлик суви сочармиди? Мана, икки йилдирки, ўғлингизнинг соғ куни йўқ. Оёғини оғритиб, танасини ланж қилиб қўйибди. Иштаҳасини илондай бўғиб, уйқусини олиб ўтирибди. Сизга айтсам, ўн-беш кунча олдин болангизнинг йиқилиб, қўлини кўтара олмай қолганиям бежиз эмас дарҳақиқат, бир ой олдин йиқилиб, қўлимнинг пайи чўзилган эди. Ахир, норасидагинанинг атрофида адашган ажал шарпаси ейман-ютаман деб изғиб юрибдику! Тағинам ота-бобонгизнинг арвоҳлари қўрибди. Шунда ҳам ишонмасангиз, сизга бир нарса кўрсатай. Лўли шундай деб, қўлтиғимдан пахтани олиб, орасидан игнани чиқарганди, ҳалигина оппоқ бўлиб, ярқираб турган игнанинг қорайиб, қўрқинчли тусга кириб қолганини кўрдик.
- Вой болам! ёш лўли жон ҳолатда мени бағрига босиб, додлай бошлади. Ҳафтагина умринг қолган экана, болама! Агар ҳафта кечиксак, ота-онангни куйдириб кетаркансана! Фарзанд доғи қурсин, болама! Сўнг фарёдга онам, фолбин лўли қўшилишди. Мисоли улар тириклигимдаёқ менга аза тутишаётган эди.
7.4K viewsDilbarim, 13:06