Get Mystery Box with random crypto!

Омонгул Хонамга шахт билан киради дўстим, Дейди: “Ишқ тугади! | Ichimdagi To‘fon

Омонгул

Хонамга шахт билан киради дўстим,
Дейди: “Ишқ тугади! Энди тамом йўл!
Вокзалга чиқайлик,
Сессия битди,
Омонгул кетади бугун, Омонгул!”

Эргашиб жўнайман бесўз, бетанбеҳ,
Вокзалга етамиз... Ҳаёт-мунглуғ най.
Бир юз саксонинчи-“Тошкент-Душанбе”
Поезди турибди жўнамоққа шай.

Топамиз, еттинчи вагон-гул,
Дераза чўмибдир ипак зиёга.
Битта даричадан ўша Омонгул
Сокин виқор билан боқар дунёга.
Омонгул кетади, Омонгул.

Бу ширин ҳаётнинг алами аччиқ,
Сўзлар эзғилайди ёмон дилимни:
“Дўстим, унинг билан орамиз очиқ,
Фақат... сўнг бор кўрай Омонгулимни!”

Беомон экан-ку, кўзинг, Омонгул,
Исминг-ку, ватанда оздир, Омонгул,
Ёмон гул экансан ўзинг, Омонгул,
Исмингга уйланса арзир, Омонгул.

Бошқа не ҳам дердим нафасим ростлаб?!
Дўстимнинг сўзларин, фарёдки, бесўз
Бўғилиб, ҳаллослаб-ҳаллослаб,
Такрорлаб кетади телба паровоз:
Омонгул кетади, Омонгул.
Омонгул кетади, Омонгул!

Ерга дод дейинми ёки осмонга!
Руҳни ёмон яраладинг, Омонгул,
Муҳаббат ҳурмати, дўстим томонга
Бир бор қарамадинг, Омонгул!

Менинг ҳам кўксимда бир омон гул бор,
Исми ўзга унинг, аммо аён-гул.
Тиканларинг билан бағримда мангу
Омон бўл, омон кул, омон гул!

...Бу ёғи жимжитлик.
Додлар юраклар.
Юраклар устидан поездлар кечар.
Дўстимнинг сўзларин шум ғилдираклар
Ҳижжалаб борадир Қумқўрғонгача:
Омонгул кетади, Омонгул.
Омонгул ке-тади, Омонгул.
Омонгул ке-е-тади, Омонгул.

Мирзо Кенжабек

@qaylardasanmendekoylovchi