Get Mystery Box with random crypto!

Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар, Тоғларда эзади ҳарир кўксини. | Ichimdagi To‘fon

Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар,
Тоғларда эзади ҳарир кўксини.
Қайдадир жайронлар ўйнаб юришар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир минора қанот қоқади,
Ҳис этиб танида шамол жисмини.
Зарафшон қайгадир лойқа оқади,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир тулпорлар фазога етар
Томоша қилгани товус рақсини.
Қақнуслар оловлар қўйнида ётар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир сайҳонда ўтлар қовушар,
Қайдадир йўқотар офтоб кўзини.
Қайдадир нам тортиб унар товушлар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир капалак шафақни кўрар,
Нурланиб сезади бахтнинг исини.
Қайдадир бир санам мени деб яшар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Абдували Қутбиддин

@qaylardasanmendekoylovchi