Get Mystery Box with random crypto!

Кўп ўзбек хонадонларида қизларни ўқитиш (институт, коллеж ва ҳ | Pozitiff Repablik

Кўп ўзбек хонадонларида қизларни ўқитиш (институт, коллеж ва ҳоказода) масаласига салбий жиҳатдан қаралади. Институтда ўқиса, бузилиб кетади, деб ўйлашади. Тўғри, умуман бегона шаҳарга ёш қизларни бирор кимсасиз, ёлғиз ўзини юбориб қўйиш шундай оқибатларга олиб келиши мумкин. Аммо, мен ёзмоқчи бўлаётган мавзу ўзим яшайдиган Тошкент шаҳрида яшовчи кўп оилаларнинг қизларни ўқитмаслик керак, улар уйда ўтириши керак, деган янглишроқ тушунчага эга бўлиб қолганликлари ҳақидадир.

Баъзилар уйда ҳам ўқитса бўлади дейишади. Лекин, бу жуда қийин иш. Бир институт бера оладиган билим ва дунёқарашни уй ичида бериш осон эмас. Ундан ташқари, бу гапни айтадиганлар уйда ҳам қизларини ўқитмайдилар одатда. Уйда ҳам ўқиш ва билим олишда давом этадиганлар аслида зиёли хонадон вакиллари бўлишади. Уларнинг хонадонида шундай илмий муҳит мавжуд бўлади.

Боз устига, бузилиб кетиш бу фақат институтда ўқишгагина боғлиқ бўлган нарса эмас. Балки, бу оилавий муҳит, тарбия ва ота-онанинг фарзандга бўлган эътибори ёхуд иҳмолига боғлиқ бўлган ҳолатдир. Агар тарбияси бузилиб кетадиган бўлса, мактабда ҳам бузилиб кетиши мумкин. Аллоҳ асрасин.

Қизингиз рўмол ўраб, намоз ўқигани билан замона билимларидан бир шингилдан бўлса ҳам бохабар бўлмаса, китоб мутолаа қилмаса, унинг онгидаги бўшлиқни фойдасиз нарсалар эгаллаб олиши мумкин. Масалан, кўп вақтини телефонга сарфлаши, турли бетайин видеолар, сериаллар кўриши ёки дунёқараши тор, билимсиз бўлиб қолиши, ғийбатчиликка мойил бўлиб қолиши мумкин.

Ўқиганларда дунёқараш кенглиги ва устунлик сезилади жуда кўп жиҳатдан. Ҳатто, турмушга чиқиб бола катта қилишда, уни парваришлашда, дарсларига ёрдам беришда ҳам ўқиган аёлларнинг устунлиги яққол кўринади.

Бу масаланинг бир тарафи. Иккинчи тарафи эса мутахассислиги бўлмаган аёл тақдир тақозоси билан бирор золим эрга учраб қолса ва у билан яшаш тоқат қилиб бўлмас даражага келиб қолса, олган билими бўйича ишлаб пул топа оладиган лаёқати йўқлиги учун унинг зулмига чидаб яшашга маҳкум бўлиб қолиши ёки ажрашган тақдирда ҳам сирф пул учун, болаларини боқа олиш учун яна бир золимнинг ёки оила масаласига жиддий қарамайдиган, шунчаки, нафсу ҳавоси учунгина уйланадиган худбиннинг тузоғига тушиб қолиши мумкин, иккинчи ёки учинчи бўлиб. Шу тариқа, ундан чиқиб, бунга, бундан чиқиб унга тегиш одатий ҳол бўлиб қолади ва бу орада унинг шахсияти, иффати, ғурури ва ҳаёси парчаланиб кетади. Албатта, ҳаммада ҳам ундай эмас. Аммо, шу ҳолатлар ҳам бор.

Аёлларнинг бундай хорликларга рўбарў бўлишига бир тарафдан ота-оналар ва адолатсиз урф-одатлар ҳам сабаб. Кўп ҳолатда қиз болага меросдан ўз улуши ажратилмайди. Ўғил болага қилинган инъомлар қизларга қилинмайди. Агар қизи қайтариб юборилса, ўз уйида ҳам сиғиндидек бўлиб қолади. Бу ҳолатни кўргач, у аёл отасининг уйида ўтиролмайди ва нима қилиб бўлса ҳам, кимга тегиб бўлса ҳам у уйдан чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Бу ҳолатдан эса айримлар фойдаланиб қолади. Ваҳоланки, ҳадиси шарифда қайтарилган қизни икром қилиш, унга инфоқ-эҳсон қилиш энг афзал садақа дейилган. Зеро, мана шунда у карамли ҳаёт кечиради. Моддий ҳолати учунгина эрга тегишга мажбур бўлиб қолмайди. Балки, ўзи каби карамли инсондан совчи келганда ўз хоҳиш-ихтиёри билан турмуш қуради.

Машҳур саҳобий Суроқа ибн Молик (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда келишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар:

«أَلَا أَدُلُّكُمْ عَلَى أَفْضَلِ الصَّدَقَةِ؟ ابْنَتُكَ مَرْدُودَةً إِلَيْكَ لَيْسَ لَهَا كَاسِبٌ غَيْرُكَ» ". رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Маъноси: "сизларни энг афзал садақага далолат қилайми? (У) сендан бўлак пул топувчиси (боқувчиси) бўлмаган ҳолда сенга қайтарилган қизинг(га қилганинг инфоқ-эҳсон)дир". Ибн Можа ривояти.

Айтганча, институт деганда иллоки, дунёвий фанлар тушунилмайди. Дунёвий фанлар билан бир қаторда диний билимлар берадиган институтлар, илоҳиёт факультетлари, Тошкент ислом институти, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳам назарда тутилмоқда.

Тошкент Давлат Шарқшунослик Университетида ҳам кўп диндор қизлар, бемалол ҳижоб ўраган ҳолда ўқийдилар.