Get Mystery Box with random crypto!

Ўйинлардан четда ва огоҳ туриш ярим муваффақиятдир... Бугун | platforma.uz

Ўйинлардан четда ва огоҳ туриш ярим муваффақиятдир...

Бугун Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтказиладиган навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомидаги Ўзбекистон томони ҳам иштирок этишини ОАВ хабар қилаётир.

Қозоғистон Президенти раислигида ўтадиган ушбу мулоқот кун тартиби матбуотга чиқарилган хабарларда мазкур иттифоқ доирасида интеграцияни кенгайтириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштириш, дея умумий шарҳланаётган бўлсада, ёпиқ форматдаги масалалар пакети бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.

Масалан, Россиянинг бугунги аҳволи. Кремль бугун босим остида. АҚШ ва ЕИ Украина масаласи ва Беларусь чегарасидаги мигрантлар «ўйини» боис таъқибда турибди. Энг катта ҳисобчиси Хитой гарчи уни ташлаб қўймаган бўлсада, ЕОИИ аъзолари, иттифоқчиларининг қўллови ҳам бугун унга асқотиши ёки у шундай ўйлаётган бўлиши мумкин.

Бундай шароитда кичик деталлар ҳам катта имкониятга дўниши мумкин. Қолаверса, ҳа, дегани ҳам туяга мадад, деган гап ҳам бор.

Шу нарса аниқки, оддий айтганда Ғарб Россиянинг империяпарастлик ғояларига тамоман қарши. Унинг «ўнгланиши»ни истамайди. Украина шу икки глобал қудрат ўртасидаги «қурбон» дейиш мумкин.

Шу маънода, Россиянинг ЕОИИ лойиҳаси ҳам Ғарбнинг манфаатларига зид. Айни Кремль ва Ғарб ўртасидаги асабийлик авжига минган бир пайтда ушбу йиғилишнинг ўтказилишини тасодиф ёки одатий дейиш мумкинми?

Шуни айтиш керакки, Ғарбнинг Марказий Осиёдаги геосиёсий манфаати Россияникидан кам эмас. Энг аввало, бу минтақада ўзларининг азалий стратегик душманлари Россия ва Хитойни тийиб туришга қаратилган. Шундай экан, минтақамиз уч глобал қудрат орасида қолаётганлиги ойдинлашади.

Бу учрашувда нима масала кўрилиши, маслаҳатлашилиши ўз йўлига, биз - минтақа давлатлари ушбу кучларнинг барчаси билан масофа ушлашимиз, бирлашиб барча босимларни синдира оладиган янги куч бўлиб майдонга чиқиш чораларини тезроқ кўрмоғимиз керак бўлади.
@platformauzb