Get Mystery Box with random crypto!

​​30 йилдан бери амалдорлар тилига чиқаришдан қўрққан сўз ниҳо | platforma.uz

​​30 йилдан бери амалдорлар тилига чиқаришдан қўрққан сўз ниҳоят айтилди

Кеча "Марказий универмаг" ёнидаги хиёбонда жамоатчилик билан учрашган Жаҳонгир Ортиқхўжаев давлат тилини билмаган фуқароларга рус тилида гапиришга мажбур эмаслигини билдирди. Буни сўраганларга "Ўзбекистонда яшаяпман, ўзбекча гапиряпман. Хоҳласангиз "переводчик олинг" ёнингизга", дея жавоб қайтарди.

Шу вақтгача аксарият амалдорлар даврада русийзабон фуқаролар бўлса, давлат тилида эмас, рус тилида сўзлар эди. Хусусан, ёз ойида Тошкентда "Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан ўтказилаётган "Ёш киноматографлар фестивали"да Бош вазир ўринбосари Бегзод Мусаев саҳнада туриб рус тилида нутқ сўзлашни маъқул кўрган эди.

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам бемалол ўзбек тилида сўзлаша олиши билан мақтана олмайди. 2018 йил 12 январь ойида Миллий матбуот марказида ўтган тадбирда мазкур амалдор конференцияда 15 кишининг ичида 2 нафар русийзабон бўлгани учун рус тилида сўзлашни маъқул топган ҳамда ўзбек тилида савол берган журналистларга ҳам рус тилида жавоб қайтарган.

Олий Мажлис депутати Илхом Абдуллаев ҳам очиқ матбуот анжуманларида фақатгина рус тилида гапиришни маъқул кўради.

Шу вақтгача рус тилида гапиришни сўраган фуқароларга биронта амалдор Ўзбекистонда давлат тилида гапираётгани, бошқа тилда сўзлашга мажбур эмаслигини эслатмаган эди.

Бу борада ҳозирча Жаҳонгир Ортиқхўжаев 30 йилдан бери жуда кўпчилик амалдорлар тилига чиқаришдан қўрққан сўзни журъат билан айта олган ягона амалдор бўлиб турибди.

Mанба

P/s: бундан анча олдин Шерзодхон Қудратхўжа ҳам тилимизни ҳимоя қилиб гапирганда биз, "миллиятчилар"нинг андишалигимиз туфайли майдонда бир ўзи қолиб таланган эди. Энди орияти қўзиган Ортиқхўжаевни ҳам бу миллатпарвар жамият эътиборсиз қолдираётгани қизиқ. Кеча учрашувда қатнашган шунча блогеру газетчидан бирортасининг постида бу гап йўқ. Ҳолбуки, бу муҳим гап эди.

Миллатнинг ори, номуси, ғурури масаласида турк ёзувчиси ва публицисти Ниҳал Атсизнинг шундай бир гапи бор: "Миллат ва Ватан хоини бўлиш учун душманларга ҳарбий сирларни ўғирлаб сотиш шарт эмас. Душманларни алқаш, уларнинг мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш, ўз маданияти ва тарихини инкор этиш - бу ҳам хиёнат саналади."

@platformauzb