Get Mystery Box with random crypto!

«Эртаси куни тонгда дўстим мени сарбозлар томошасига олиб борд | Diplomat (Sobirov)

«Эртаси куни тонгда дўстим мени сарбозлар томошасига олиб борди.

Бухоро сарбозларининг аҳволи жуда қизиқ. Тараққий этган давлатларда аскарлик муддати уч-тўрт йил, бироқ бу Бухоро сарбозлари учун муқаддас хизмат бўлмасдан, жиноятнинг жазосидир. Бухоро сарбозлари ўз кунларини эътиборсизлик, манфурлик ва бечораҳоллик билан ўтказадилар. Уларнинг сарбозлик муддати бир умрликдир. Ўғри ва қотилларни бу шаҳарда қамоқ, сургун ва қатл этиш ўрнига сарбозликка жўнатиб, бир умр ойига йигирма танга маош бериб ушлаб турадилар.

Киши сарбозлик хизматига киришгач, нопок ишларни қилишга-да мажбур бўлади. Бунинг икки сабаби бор: биринчидан, сарбозликка олинишидан олдин бу киши ойнинг биринчи ярмида ҳаммоллик қилиб, ҳар куни ўртача беш тангадан, яъни юз эллик тангани қўлга киритар ва ойнинг қолган ярмини фароғат билан ўтказар эди. Сарбоз бўлганидан кейин эса, ойига йигирма танга олади ва бошқа иш қилолмайди.

Иккинчидан: у киши олдин ўғирлик қилмас, сарбозлардан қўрқар эди. Энди ўзи сарбоз бўлган экан, унинг учун ўғриликдан устунроқ ва манфаатлироқ касб йўқдир.

Булардан ташқари, сарбозликнинг яна бир томони борки, у биринчи шарҳимиздан ҳам баттаррроқдир. Масалан, ҳар бир саркарда ёки юзбоши бирон-бир кишидан пул ундириш ниятида бўлса, уни ушлаб: «Сен эски сарбоз эдинг, вақтида жаноби олийнинг хизматларидан қочгансан, қўлимга тушдинг, сени сарбозлар қаторига қўшишим керак», дейди. У бечора: «Мен бутун умрим бўйи сарбоз бўлмаганман, милтиқ отишни ҳам билмайман», дейди. Фиғони кўкка чиқиб: «Туҳмат қилманг, ахир, сиз ҳатто исмимни ҳам билмайсиз-ку, собиқ сарбоз эканлигимни қаердан биласиз?», деб зорланади. Бари-бир иложи топилмайди. Бечора сарбозликни қабул этади ёки уч минг тангани саркарда жанобларига бериб, ўз бошини ғалвадан қутқаради.

«Ҳинд сайёҳи қиссаси». Абдурауф Фитрат

@pan_diplomat