Get Mystery Box with random crypto!

Жорий йилнинг 30 ва 31 май кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий О | Ўзбекистон Ҳамширалари

Жорий йилнинг 30 ва 31 май кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё мамлакатларида ҳамширалик ва акушерлик ишини ташкил этишнинг янгича ёндашуви” мавзусидаги халқаро анжумани ўтказилди.
Ҳамширалик ишининг ривожланиш тенденциялари замонавий соғлиқни сақлаш тизимида унинг ролини сезиларли даражада кучайтиради. Ҳозирги вақтда ҳамширалик иши илмий ёндашув ва далилларга асосланган бўлиб, замонавий назарияларни амалиётга шифокорнинг тенг ҳуқуқли шериги сифатида татбиқ этади ва у шифокордан мустақил равишда ҳамширалик қарорларини қабул қилади, далилларга асосланган ҳамширалик ёрдамини режалаштиради ҳамда амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш, малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасини қамраб олиш жараёнида ҳамшираларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, турмуш шароитларини яхшилаш масалалари бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, бу борада замонавий таълим стандартлари асосида чуқур билимга эга, ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш мақсадида катор қарор ва хуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ҳамширалар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда ҳамширалик ва акушерлик иши мутахассисларини қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистонда Туркия университети билан ҳамкорликда 4 йиллик дастур асосида “Ҳамширалар академияси” ташкил этилмоқда. Бу халқаро стандартларга асосланган йиллик ўқув дастури бўлиб, унда талабалар икки йил Туркия университетида ва икки йил Ўзбекистонда таҳсил оладилар.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятининг янги механизмлари, замонавий менежмент, бошқарув жараёнида ортиқча бюрократик тартиб-қоидаларни қисқартириш, соғлиқни сақлашни молиялаштириш тизими самарадорлигини ошириш, рақамли тиббиётни такомиллаштириш каби янги механизмлар жорий этилди. Оила шифокорларига ёрдам бериш мақсадида ҳамшира ва акушерлардан иборат “Тиббиёт бригадалари” ташкил этилди. Тиббиёт бригадалари ўзларига бириктирилган ҳудудларнинг "тиббий карталари"ни оилалар ва фуқаролар нуқтаи назаридан шакллантирадилар. Мазкур “тиббий бригада”лар жойларда тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнини соддалаштириш ва рақамлаштириш, ортиқча қоғозбозликни камайтириш мақсадида махсус планшет компьютерлар ва мобил тиббий диагностика воситалари билан таъминланган. “Тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш қамровини кенгайтириш мақсадида туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига қўшимча иш ўринлари (штатлар) ажратилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида бирламчи бўғиннинг “Электрон платформа” ахборот тизими яратилиб, “IT-ҳамшира-оператор” лавозими бўйича 8 мингдан ортиқ штат бирликлари ажратилди. Ҳамширалар ва акушерларнинг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курслари дастурига аҳолини профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, скрининг ва патронаж хизматлари дастурини ўз ичига олган “Соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш мезонлари” мавзуси киритилди.
Беш ёшгача бўлган болаларнинг оптимал ривожланиши ва ўсишини таъминлаш мақсадида, патронажнинг универсал-прогрессив модели жорий этилган бўлиб, унда ҳомиладор аёллар ва туғруқдан кейинги даврда алоҳида патронаж ҳамшираси тайинланиши назарда тутилган. Патронаж ҳамширалари умумий аҳволи қониқарли бўлган тоифаларни ва аҳоли ўртасида хавф гуруҳларини аниқлайди, шунингдек, ҳомиладор аёллар, туғруқдан кейинги давр ва 5 ёшгача бўлган болали оилаларга кенгайтирилган тиббий ёрдам кўрсатиш билан индивидуал режа асосида улар саломатлигини назорат қилади.